Марказий банк микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан бериладиган кредитлар бўйича жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солувчи низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни таклиф қилмоқда. Тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, нобанк кредит ташкилотлари қарз олувчининг ўртача ойлик даромадини кредит олиш учун мурожаат қилинган санадан олдинги камида 3 ойлик узлуксиз, бироқ 12 ойдан ошмаган даврдаги даромадлари асосида ҳисоблайди.
Агар қарз олувчи 12 ой ва ундан ортиқ муддат давомида даромад олган бўлса, сўнгги 12 ойдаги барча даромадларнинг ўртача ойлик миқдори олинади. Даромад олиш даври 3 ойдан 11 ойгача бўлса, ўртача кўрсаткич тегишли даврда олинган даромадлар асосида аниқланади.
Кредит олиш учун мурожаатда биргаликда қарз олувчи назарда тутилган бўлса, унинг даромадлари ҳам ўртача ойлик даромад ҳисоб-китобига киритилади.
Мавсумий ишларда банд бўлган қарз олувчилар учун алоҳида тартиб белгиланмоқда. Уларнинг ўртача ойлик даромадини ҳисоблашда сўнгги олти ой ичида камида уч ой узлуксиз олинган даромадларнинг олтидан бир қисми олинади.
Шунингдек, қарз олувчиларнинг даромадини аниқлашда фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Хусусан, иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва алиментлардан ташқари, банк ҳисобварақларига тушумлар, солиқ маълумотлари ҳамда халқаро пул ўтказмалари ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Ўзини ўзи банд қилганларнинг агрегаторлар, маркетплейслар ва бошқа рақамли платформалар орқали олган даромадлари, электрон ҳамёнларга тушумлар ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида олинган даромадларни ҳам инобатга олиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, банк омонатига киритилган маблағлар, фоизлар, дивидендлар, гонорар ва роялти ҳамда мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлардан фойдаланиш мумкин. Даромадлар солиқлар чегирилган ҳолда ҳисобга олиниб, такрорланувчи ва барқарор хусусиятга эга бўлиши керак.
Лойиҳа билан кредит карталари ва қайта тикланадиган кредит линиялари бўйича қарз юкини ҳисоблаш тартиби ҳам белгиланмоқда. Ўртача ойлик тўловни аниқлашда кредит карта ёки қайта тикланадиган кредит линияси лимитининг 8%и, шунингдек, муддати ўтган қарздорлик ва бошқа тегишли тўловлар ҳисобга олинади.
Кредитни сўндириш муддати 36 ойдан ошса, қарз юки бўйича ўртача ойлик тўловни ҳисоблашда барча тўловлар 36 ойга аннуитет усулида тенг тақсимланади. Муддати 36 ой ёки ундан кам кредитларда эса тўловлар шартномада белгиланган ойлар сонига тақсимланади.
Шунингдек, низом талабларини оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар, якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган кредитлар ҳамда таълим кредитларига татбиқ этмаслик таклиф қилинмоқда.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 5 сентябрга қадар давом этади. Агар қабул қилинса, ҳужжат расмий эълон қилинган кундан бир ой ўтиб кучга киради.


