Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Микромолия ташкилотларида муаммоли активлар 10 фоиздан ошганда санкция қўллаш таклиф этилмоқда

Ўзбекистонда микромолия, факторинг ташкилотлари ва ломбардларда муаммоли активлар жами активларнинг 10 фоизидан ошса, Марказий банк уларга нисбатан чоралар ва санкциялар қўллаши мумкин. Шунингдек, 2027-йилдан муаммоли активлар бўйича фоизларни ҳисоблашни тўхтатиш тартиби жорий этилиши таклиф қилинмоқда.

Ўзбекистонда микромолия ташкилотлари, факторинг ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини тартибга солишга доир талабларни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳужжат лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, ташкилотлар активлари сифатига қараб “стандарт”, “субстандарт”, “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” тоифаларга ажратилади. “Қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” активлар муаммоли активлар ҳисобланади. Агар бундай активларнинг улуши ташкилот жами активларининг 10 фоизидан ошса, Марказий банк унга нисбатан чора ва санкциялар қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Активлар муддати ўтган қарздорлик даврига қараб ҳам қайта таснифланади. Жумладан, тўлов 91 кундан 180 кунгача кечикса актив “қониқарсиз”, 181 кундан 365 кунгача кечикса “шубҳали”, 366 кун ва ундан ортиқ кечикса “умидсиз” деб баҳоланиши кўзда тутилган.

Яна бир муҳим ўзгариш 2027-йил 1-январдан кучга кириши мумкин. Унга кўра, муаммоли активларга “фоизларни ўстирмаслик” мақоми берилади. Бу актив бўйича фоиз даромадини тўлиқ ундириш ёки асосий қарзни қайтариш эҳтимоли мавжуд бўлмаса, фоиз ҳисоблашни тўхтатишни англатади. Бироқ бундай мақом қарздорни аввал ҳисобланган фоиз ва бошқа тўловларни тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ташкилотлар активлар сифати бўйича эҳтимолий йўқотишлар учун захира ҳам шакллантириши керак бўлади. Захира миқдори “стандарт” активлар учун 1 фоиз, “субстандарт” учун 10 фоиз, “қониқарсиз” учун 25 фоиз, “шубҳали” учун 50 фоиз ва “умидсиз” активлар учун 100 фоиз этиб белгиланмоқда.

“Умидсиз” деб таснифланган активни уч иш куни ичида балансдан ташқари ҳисобвараққа ўтказиш таклиф қилинган. Шунингдек, онлайн кредит фирибгарлиги оқибатида кредит расмийлаштирилгани ва қарздор жабрланувчи деб эътироф этилгани тасдиқланса, бундай актив ҳам балансдан ташқари ҳисобга чиқарилиши мумкин.

Лойиҳада мижозларни идентификация қилиш имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда. Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки “Ижтимоий карта” мобил иловаси орқали тақдим этиладиган шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон шаклидан фойдаланиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат ҳозирча лойиҳа ҳисобланади. Қабул қилинган тақдирда унинг асосий қисми расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтиб кучга кириши кўзда тутилган.