Шавкат Мирзиёев раислигида ўктазилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини оширишни янги босқичга олиб чиқиш масалалари бўйича йиғилишда кредит тарихида кечикиш бўлган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини ҳам индивидуал баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилиши маълум қилинди.
Камбағаллик жамғармасидаги 240 млрд сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 млрд сўм ва учта «дафтар»даги 760 млрд сўм маблағ туман штаблари ихтиёрига берилади.
Ушбу штаб субсидия ёки фоизсиз ссуда бериш масаласини ҳам мустақил ҳал қилади. Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун йил якунига қадар назарда тутилган 300 млрд сўмлик қолдиғи ҳам штаблар орқали ажратилади.
Шу тариқа туманлар ихтиёрига жами 3,2 трлн сўм ресурс йўналтирилиб, маблағларнинг аниқ натижа беришига алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, кредит, субсидия ва компенсация шартларини фармон ва қарорлар билан белгилаш амалиётидан воз кечилиши маълум қилинди.
Энди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, молиялаштириш механизмларини ҳар чоракда янгилаб боради.
Туман штаблари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини «лойиҳабай» ишлаш тизимига ўтказади.
Бунинг учун 8 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари вазифа бажарувчи этиб тайинланади, фидойи ва ташаббускор кадрлар лавозимига қайта тайинланиб, ишига нолойиқлар янгиланади.


