Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун янги жарималар киритилди. Тегишли ўзгаришлар 2026 йил 2 ноябрдаги 1186-сон қонун билан белгиланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали.
Қонунга кўра, мансабдор шахс ер ажратиш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ёки қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида ваколатли орган ва хулоса берувчиларнинг ишига ўз ваколатидан фойдаланиб ноқонуний аралашса, унга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (44−66 млн сўм) жарима солинади ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланади.
Шунингдек, қуйидаги қоидабузарликлар учун жарималар белгиланди:
- автомобилга газ қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга суюлтирилган газни маиший газ баллонларида бериш учун БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1,32−2,2 млн сўм);
- бозорлар, савдо мажмуалари ва савдо-кўнгилочар марказлар эгалари ёнғин туфайли учинчи шахслар ҳаёти ва соғлиғига етказиладиган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини ҳамда объектни ёнғиндан мажбурий суғурта қилмаган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача (22−33 млн сўм);
- ёнғин аудитини ўтказиш талаблари бузилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 15 баравари (6,6 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 30 баравари (13,2 млн сўм) миқдорида.
2026 йил 1 сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўмни ташкил этади.


