Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Таҳлил

35 йил: Ўзбекистон қандай иқтисодиёт қурди?

35 йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти реал ҳисобда қарийб беш баробар катталашди. Мамлакат ўз валютаси, банк ва солиқ тизимини яратди, экспорт ҳажмини оширди ва халқаро капитал бозорига чиқди. Лекин бу давр фақат ўсиш тарихи эмас. Узоқ йиллар сақланиб қолган валюта чекловлари, давлатнинг иқтисодиётдаги катта роли, меҳнат миграцияси, энергетикадаги муаммолар ва ошиб бораётган қарз ҳам бугунги иқтисодиётнинг бир қисмидир. Dinor.uz мустақилликнинг 35 йиллигида Ўзбекистон қандай иқтисодиёт қургани ва ҳали қандай масалаларни ҳал қилиши кераклигини рақамлар орқали кўриб чиқди.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилганида янги давлат олдида иқтисодий тизимни ҳам деярли қайтадан қуриш вазифаси турарди.

Мамлакатнинг ўз пул бирлиги йўқ эди. Банк, солиқ ва бюджет тизимлари собиқ иттифоқнинг умумий тизимига боғланган, корхоналар эса бошқа республикалардаги завод ва етказиб берувчилар билан бир занжирда ишларди.

Бугун вазият мутлақо бошқа. Аммо 35 йиллик йўлни фақат “ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) неча баробар ошди?” ёки “экспорт қанчага кўпайди?” деган рақамлар билан тушунтириш етарли бўлмайди. Чунки иқтисодий ўсишнинг қандай йўл билан юз бергани ҳам унинг ҳажми каби муҳим.

Мустақиллик бошида Ўзбекистон қандай иқтисодиётга эга эди?

Ўзбекистон мустақилликка бўш иқтисодиёт билан киргани йўқ. Мамлакат пахта, олтин, газ ва бошқа хомашё ресурсларига эга эди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) тадқиқотларига кўра, ўтиш даврининг дастлабки йилларида пахта ва олтиннинг ўзи ЯИМнинг 30 фоиздан ортиғи ва экспортнинг қарийб 60 фоизини таъминлаган.

Бу ҳолат бир вақтнинг ўзида ҳам устунлик, ҳам муаммо эди. Бир томондан, собиқ иттифоқдаги иқтисодий алоқалар узилган бир пайтда олтин ва пахтани ташқи бозорларда сотиш мумкин эди. Бу мамлакатга валюта тушуми бериб турди ва иқтисодиётнинг кескин қулаб кетишини юмшатди.

Бошқа томондан эса иқтисодиётнинг бир нечта хомашё маҳсулотига қаттиқ боғлиқлиги келажак учун яхши модель эмасди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон 1990-йиллардаги иқтисодий инқирозни кўплаб собиқ совет республикаларига қараганда енгилроқ ўтказди. ХВЖ ҳисоб-китобларида 1997 йилда Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш 1991 йил даражасининг қарийб 85 фоизида сақланиб қолган. Собиқ иттифоқ давлатлари бўйича ўртача кўрсаткич бундан анча паст эди. Бунга фақат табиий ресурслар эмас, танланган иқтисодий сиёсат ҳам сабаб бўлган.

Кескин ислоҳотлар ортга сурилди

Ўзбекистон бозор иқтисодиётига бир зумда ўтишни танламади. 1990-йилларда кўплаб собиқ социалистик давлатларда давлат корхоналари тез хусусийлаштирилди, нархлар эркинлаштирилди ва иқтисодиёт кескин очилди. Ўзбекистонда эса давлат иқтисодиётдаги назоратини секинроқ камайтирди. Бу ёндашув кўпинча “бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш” сифатида таърифланди. Албатта, бунинг бадали ҳам тўланди.

Йирик корхоналарда давлатнинг роли узоқ вақт юқори бўлиб қолди. Рақобат суст шаклланди. Хусусий сектор айрим соҳаларга кира олмади ёки давлат корхоналари билан тенг шароитда ишламади.

Натижада Ўзбекистон 1990-йилларда иқтисодий қулашнинг бир қисмини четлаб ўтди, аммо бозор ислоҳотларининг бир қисмини кейинги даврларга қолдирди.

Сўм иқтисодий мустақилликнинг асосий белгиларидан бири бўлди

Мустақиллик эълон қилинганидан кейин ҳам Ўзбекистон бир муддат рубль ҳудудида қолди. 1993 йил ноябрда вақтинчалик сўм-купон муомалага киритилди. 1994 йил 1 июлдан эса миллий валюта — сўм жорий қилинди.

Ўзбекистон илк бор ўз пул-кредит сиёсатини юритиш, пул массасини бошқариш ва мустақил Марказий банк тизимини шакллантириш имконига эга бўлди.

Кейинги йилларда сўм ҳам мамлакат иқтисодий тарихининг ўзига хос кўзгусига айланди. Инфляция, валюта курси ва иқтисодиётдаги бошқа ўзгаришлар унинг қийматида акс этди.

Лекин миллий валютанинг мавжудлиги унинг эркин айирбошланишини англатмасди. Кейинчалик бу масала Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг катта муаммолардан бирига айланди.

Иқтисодиёт 4,8 баробар катталашди

Миллий статистика қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг реал ЯИМи 1991 йилдагидан қарийб 4,8 баробар катта бўлган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса иқтисодий ўсиш яна тезлашди. Январь–июнь ойларида ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,5 фоизга ошиб, 1 072,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу юқори кўрсаткич. Лекин бунда яна бир муҳим рақам бор.

1991 йилда Ўзбекистонда 20,6 млн киши яшаган бўлса, 2026 йил бошига келиб аҳоли сони 38,2 млн кишидан ошди. Яъни 35 йилда аҳоли сони ҳам қарийб икки баробар кўпайди. Шунга қарамай, иқтисодиёт аҳолидан тезроқ ўсган. Демак, жон бошига яратиладиган иқтисодий қиймат ҳам ошган.

Аммо аҳоли сонининг тез кўпайиши иқтисодиёт олдига янги вазифани қўймоқда: ҳар йили меҳнат бозорига кираётган катта авлод учун етарли ва яхши ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш керак. Бугунги Ўзбекистон учун фақат юқори ЯИМ ўсиши етарли эмас. Ўсишнинг одамлар даромадига қанчалик айланаётгани тобора муҳимлашмоқда.

1990-йиллар охиридан Ўзбекистон иқтисодиёти нисбатан барқарор ўсишга қайтди, лекин ёпиқ моделнинг чегаралари ҳам кўрина бошлади. Кейинги йилларда автомобилсозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари ва бошқа саноат тармоқлари ривожланди. Давлат янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда фаол иштирок этди.

Импорт ўрнини босиш сиёсати ҳам шу даврнинг асосий хусусиятларидан бири бўлди. Мантиқ оддий эди: илгари четдан олиб келинган маҳсулотларни имкон қадар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш. Бу сиёсат айрим саноат тармоқларини шакллантиришга ёрдам берди. Лекин вақт ўтиши билан унинг камчиликлари ҳам кўрина бошлади.

Импортга қўйилган турли чекловлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи рақобатдан ҳимоя қилди. Давлат томонидан бериладиган имтиёзлар эса айрим корхоналарни бошқалардан устун ҳолатга олиб чиқди.

Энг катта муаммолардан бири валюта бозори эди. Корхоналар ўзларига керакли долларни банкдан эркин сотиб ололмасди. Расмий курс ва норасмий бозор курси ўртасида катта тафовут пайдо бўлди.

2014 йилдан кейин вазият янада кескинлашди. ХВЖ маълумотига кўра, айрим пайтларда параллел бозордаги доллар расмий курсдан икки баробардан ҳам қиммат бўлган.

Оқибатда иқтисодиётда ғалати вазият юзага келган эди: долларни расмий курсда сотиб олиш имкониятининг ўзи катта иқтисодий устунликка айланганди.

2017 йил: иқтисодиётдаги катта бурилишлардан бири

2017 йил 5 сентябрда валюта бозори эркинлаштирилди. Расмий доллар курси 4 250 сўм атрофидан 8 100 сўмга ўзгарди. Расмий ва норасмий курслар ўртасидаги катта тафовут амалда йўқолди. Оддий одам учун бу, аввало, сўмнинг кескин қадрсизланиши эди.

Бизнес учун эса бошқа жиҳати муҳимроқ бўлди: корхоналар валютани маъмурий рухсат кутмасдан, банк орқали бозор курсида сотиб олиш имконига эга бўла бошлади.

Шундан кейин Ўзбекистон иқтисодиётидаги ислоҳотлар тезлашди. Солиқ тизими ўзгарди, ташқи савдо очила бошлади, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, банкларни хусусийлаштириш ва энергия нархларини бозор тамойилларига яқинлаштириш кун тартибига чиқди.

Албатта, 2017 йилги либераллашув барча эски муаммоларни бирдан ҳал қилиб юбормади. Орадан тўққиз йил ўтган бўлса ҳам, давлатнинг иқтисодиётдаги ўрни Ўзбекистон олдидаги асосий структуравий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Давлат иқтисодиётда ҳали ҳам катта ўрин эгаллайди

2026 йилда Ўзбекистонда хусусий бизнес 1990-йиллардагига нисбатан мутлақо бошқа миқёсга чиқди. Аммо иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларида давлат ҳануз катта роль ўйнайди. Буни банк тизимига назар солиб ҳам яққол пайқаш мумкин.

ХВЖ маълумотига кўра, мамлакатдаги 34 банкдан тўққизтаси давлат банки. Лекин айнан шу тўққиз банк жами банк активларининг қарийб 63 фоизини назорат қилади. Бу шуни англатадики, иқтисодиётдаги кредит ресурсларининг катта қисми ҳали ҳам давлат банклари орқали тақсимланади. Бу тизимнинг фойдали томони шуки, ҳукумат катта инфратузилма ёки стратегик лойиҳаларга тезда маблағ йўналтира олади. Хавфли тарафи эса кредитлар бозор мезонидан кўра давлат устуворликлари асосида берилса, пул энг самарали бизнесга эмас, энг кўп имтиёзга эга корхоналарга бориб қолиши мумкин.

Шу сабаб ХВЖ ва бошқа халқаро молия институтлари Ўзбекистонга давлат банкларини трансформация қилиш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва иқтисодиётда тенг рақобатни кучайтиришни тавсия қилиб келмоқда.

35 йил ўтганидан кейин ҳам муҳим савол очиқ қоляпти: Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи давлат бўлиб қоладими ёки бу роль аста-секин хусусий бизнесга ўтадими?

Экспорт кескин ошди. Аммо олтиннинг таъсири ҳануз катта

Мустақиллик бошида Ўзбекистон экспортида пахта ва олтин ҳал қилувчи ўрин эгалларди. Бугунги экспорт анча хилма-хил. 2025 йилда Ўзбекистон экспорти 33,8 млрд долларга етди. Бу 1991 йилдаги кўрсаткичдан номинал ҳисобда қарийб 19 баробар кўп.

Шу вақт ичида пахта толасини хомашё сифатида экспорт қилиш камайиб, унинг ўрнига тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайди. Мева-сабзавот, саноат маҳсулотлари ва хизматлар экспорти ҳам ошди.

Лекин эски боғлиқликлардан бири сақланиб қолмоқда. Олтин ҳали ҳам Ўзбекистон экспорт статистикасига жуда катта таъсир кўрсатади. Масалан, 2026 йилнинг биринчи ярмида умумий экспорт 15,9 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайди. Аммо олтинни ҳисобга олмасак, товарлар экспорти аксинча 28,7 фоизга ошиб, 8,2 млрд долларга етган. Бу жуда муҳим фарқ.

Чунки умумий экспортнинг камайиши маҳаллий корхоналар четга камроқ маҳсулот сотганини англатмайди. Статистикадаги пасайишнинг катта қисми олтин савдосидаги ўзгариш билан боғлиқ. Демак, бугун экспорт ҳақида гапирганда фақат умумий рақамни эмас, унинг таркибини ҳам кўриш керак.

Ўзбекистон учун кейинги катта вазифа кўпроқ маҳсулот сотишнинг ўзи эмас, кўпроқ қўшилган қиймат яратадиган маҳсулотларни сотиш муҳим. Халқаро бозордан пул олиш осонлашди. Энди уни самарали ишлатиш масаласи кўндаланг.

Қарз сиёсати ва облигациялар

2019 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта халқаро суверен облигациялар чиқарди. Шундан кейин давлат ҳам, айрим йирик компания ва банклар ҳам халқаро молия бозоридан қарз жалб қила бошлади.

Бир қарашда бу катта ўзгариш. 1990-йиллар бошида ўз миллий валютасини эндигина яратган мамлакат бугун халқаро инвесторларга облигациялар сотмоқда. Аммо капитал бозорига чиқишнинг оддий бир қоидаси бор: қарз барибир қайтарилади.

2026 йил иккинчи чораги якунида Ўзбекистон давлат қарзи 48,3 млрд долларга етди. Бу йил учун прогноз қилинган ЯИМнинг 27 фоизига тенг. Бир чоракнинг ўзида қарз қарийб 1,3 млрд долларга ошган.

Тўғри, 27 фоизлик кўрсаткичнинг ўзи Ўзбекистон қарз инқирози ёқасида дегани эмас. Бу ерда бошқа савол муҳимроқ: қарзга олинган пул нимага ишлатилмоқда? Агар қарз янги электр станцияси, йўл, сув тизими ёки иқтисодий қайтим берадиган бошқа инфратузилмага сарфланса, келажакдаги ўсиш уни қайтаришга ёрдам беради. Агар лойиҳа кутилган даромадни бермаса, қарз барибир давлат зиммасида қолади.

Бундан ташқари, давлат корхоналари, давлат банклари ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидаги мажбуриятлар ҳам келажакда бюджет учун қўшимча хавф туғдириши мумкин.

Шунинг учун кейинги йилларда давлат қарзи бўйича энг муҳим савол унинг ҳажмидан ҳам кўра самарадорлиги бўлиб боради.

Даромадлар ошмоқда, лекин меҳнат миграцияси ҳамон жуда катта

Иқтисодий ўсишнинг энг оддий мезони — одамларнинг ҳаёти қандай ўзгаргани. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон аҳолиси даромадлари инфляция ҳисобга олинган ҳолда 9,2 фоизга ошди. Жон бошига реал даромад ўсиши 7,3 фоизни ташкил этди.

Камбағаллик ҳам сўнгги йилларда тез қисқаргани таъкидланади. Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра, миллий камбағаллик даражаси 2024 йилдаги 8,9 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизгача тушган.

Лекин Ўзбекистон меҳнат бозорининг бошқа томони ҳам бор. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида хориждан Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар пул ўтказилган. Унинг салмоқли қисми чет элда ишлаётган ўзбекистонликларнинг оилаларига юборган пулларидир. Пул ўтказмалари миллионлаб оилаларнинг даромадини оширади, ички истеъмолни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатга хорижий валюта олиб киради.

Лекин бу рақам бошқа саволни ҳам туғдиради: нега шунча одам даромад топиш учун чет элга чиқишга мажбур?

38 миллиондан ортиқ аҳолига эга ва ёшлар улуши юқори мамлакат учун янги иш ўринлари сонининг ўзи етарли эмас. Уларнинг унумдорлиги ва иш ҳақи ҳам одамни мамлакатда қолишга ундайдиган даражада бўлиши керак.

Шу сабаб меҳнат миграцияси Ўзбекистон учун фақат муаммо ҳам, фақат фойда ҳам эмас. У бир вақтнинг ўзида оилалар даромадининг муҳим манбаи ва ички меҳнат бозорининг ҳали ечилмаган масалаларидан биридир.

Арзон электр ва газнинг ҳам бадали бор эди

Энергетика тарифлари Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг мураккаб ислоҳотлардан бирига айланди. Узоқ вақт электр ва газ нархлари ҳақиқий ишлаб чиқариш харажатидан паст даражада сақлаб келинди. Бу аҳоли учун қулай эди.

Аммо арзон энергия ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Нархнинг бир қисми охир-оқибат давлат субсидияси ёки энергетика корхоналарининг молиявий йўқотиши орқали қопланади.

Бунинг яна бир оқибати шуки, электр арзон бўлса, уни тежаш учун иқтисодий рағбат ҳам камаяди. Энергетика компанияларида эса янги тармоқлар, станциялар ва ускуналарга инвестиция қилиш учун етарли маблағ қолмаслиги мумкин.

2024 йилдан тарифларни бозор даражасига яқинлаштириш жараёни тезлашди. Бу зарур ислоҳот эди, лекин унинг аҳолига таъсири ҳам дарҳол сезилди. 2024 йил апрелида йиллик инфляция 8,1 фоиз бўлган бўлса, май ойида электр ва газ тарифлари оширилгач, кўрсаткич 10,6 фоизга чиқди. Кейинчалик бу таъсир пасая бошлади. Йиллик инфляция 2025 йилда 7,3 фоизга, 2026 йил июлига келиб эса 6,4 фоизгача тушди.

Энергия нархларини узоқ вақт бозор даражасидан паст ушлаб туриш давлат бюджети учун ҳам катта харажат талаб қилган. 2023 йилда табиий газни сотиб олиш ва аҳолига сотиш нархлари ўртасидаги тафовутни қоплаш учун 18 трлн сўм, иссиқлик таъминоти корхоналарининг чекланган тарифлар сабаб кўрган зарарларини қоплаш учун эса 1,7 трлн сўм сарфланган. 2026 йил бюджетида ушбу мақсадларга мос равишда 5,9 трлн ва 3,8 трлн сўм, жами 9,7 трлн сўм ажратиш режалаштирилган. Бу 2023 йилдаги амалдаги 19,7 трлн сўмлик харажатга нисбатан қарийб 51 фоиз кам. Бироқ бу 2026 йил якуний харажати эмас: йилнинг биринчи ярмидаги бюджет ижроси ҳисоботида энергетика субсидиялари алоҳида кўрсатилмагани сабабли, амалда қанча маблағ сарфлангани ҳозирча аниқ эмас.

Энергетика ислоҳоти Ўзбекистондаги кўплаб иқтисодий ўзгаришларнинг умумий хусусиятини кўрсатади. Муаммони узоқ вақт кечиктириш уни йўқ қилиб юбормайди. Баъзида аксинча, кейинчалик уни ҳал қилиш янада қимматга тушади. Шу билан бирга, иқтисодий жиҳатдан тўғри қарор аҳолига оғриқсиз бўлади деган қоида ҳам йўқ.

Энди асосий савол — иқтисодиёт қанча эмас, қандай ўсаётгани

Бугунги Ўзбекистон паст ўсиш муаммосига дуч келаётган иқтисодиёт эмас. 2025 йилда реал ЯИМ 7,7 фоизга ошди. 2026 йилнинг биринчи ярмида ўсиш 8,5 фоизга етди. Июлга келиб йиллик инфляция 6,4 фоизгача пасайди. Аҳолининг реал даромадлари ҳам ошмоқда. Шунинг учун ҳозир “Ўзбекистон иқтисодиёти ўсаяптими?” деган саволга жавоб топиш қийин эмас. Ҳа, ўсяпти. Мураккаб савол бошқача: бу ўсиш қанчалик сифатли?

Агар иқтисодиёт кўпроқ кредит, давлат инвестицияси ва янги ресурс сарфлаш ҳисобига ўсаверса, бир пайт келиб бу моделнинг имкониятлари тораяди.

Барқарор ўсиш учун бир ишчи бир соатда кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариши, бир корхона мавжуд капиталдан самаралироқ фойдаланиши, яхши бизнес ёмон бизнесдан кўра осонроқ молия олиши керак. Иқтисодчилар буни унумдорлик деб атайди. Ўзбекистоннинг кейинги босқичдаги энг мураккаб вазифаси ҳам шунда.

Давлат корхоналари билан хусусий компаниялар тенгроқ рақобат қилиши, банклар кредитни маъмурий топшириққа эмас, лойиҳанинг иқтисодий имкониятига қараб бериши, янги корхоналар бозорга кириши осонлашиши керак. Бу ислоҳотлар аввалги босқичдагидан мураккаброқ.

Валюта курсини битта қарор билан эркинлаштириш мумкин. Аммо рақобат ишлайдиган иқтисодиётни бундай яратиб бўлмайди.

Хўш, Ўзбекистон 35 йилда қандай иқтисодиёт қурди?

1991 ва 2026 йилдаги Ўзбекистонни ёнма-ён қўйсак, ўзгариш жуда катта. 35 йил олдин мамлакатнинг ўз миллий валютаси ҳам йўқ эди. Иқтисодиёт собиқ иттифоқ ишлаб чиқариш тизимининг бир қисми, экспорт эса пахта ва олтинга кучли боғлиқ эди.

Бугун Ўзбекистоннинг ўз Марказий банки, банк ва солиқ тизими, мустақил давлат бюджети мавжуд. Хусусий бизнес миллионлаб одамлар учун иш ва даромад манбаига айланган. Мамлакат жаҳон бозорида савдо қилади, халқаро инвесторлардан қарз олади ва 38 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга катта бозор сифатида шаклланган. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин бошқа фактларни ҳам четга суриб бўлмайди.

Ўзбекистон бир даврда бозор ислоҳотларини секин олиб борди ва кейинчалик уларнинг айримларини тезлаштиришга мажбур бўлди. Валюта курсини узоқ вақт маъмурий назорат қилиш параллел бозорни яратди. Энергия нархларини узоқ вақт паст ушлаб туриш кейинчалик кескинроқ тариф ислоҳотларини талаб қилди. Давлат банклари ва корхоналари иқтисодиётни ривожлантириш учун катта ресурс сафарбар қилди, аммо хусусий сектор билан тенг рақобат масаласини ҳам очиқ қолдирди. Халқаро капиталга кириш имконияти кенгайди, бир вақтнинг ўзида давлатнинг қарз мажбуриятлари ҳам ошди.

Шунинг учун Ўзбекистоннинг 35 йиллик иқтисодий тарихини “муваффақият” ёки “муваффақиятсизлик” деган битта сўз билан баҳолаш тўғри эмас. 35 йил ичида Ўзбекистон мустақил иқтисодиётни қурди. Самарали бозор иқтисодиётини қуриш эса ҳали давом этмоқда.

1991 йилда вазифа иқтисодий қарорларни бошқа марказдан мустақил қабул қила оладиган давлатни яратиш эди. 2026 йилда вазифа мураккаброқ: давлатга камроқ боғлиқ, рақобати кучли, хусусий капитал учун очиқ ва иқтисодий ўсишни имкон қадар кўпроқ одамнинг юқори даромадига айлантира оладиган тизим яратиш.

Кейинги 35 йилга Ўзбекистон айнан шу нуқтадан кириб бормоқда.