Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида АҚШда яшаётган ватандошлар учун янги рақамли пул ўтказмалари хизмати ишга туширилди.
Эндиликда АҚШдаги фойдаланувчилар Ўзбекистондаги Humo ва Uzcard карталарига тўғридан тўғри пул юбориши мумкин. Хизмат Нью-Йоркда асли ўзбекистонлик тадбиркорлар Хусрав Маҳмудов ва Акмал Абдуллаев томонидан яратилган uPay.net финтех платформаси асосида йўлга қўйилди.
Аввал платформа орқали АҚШдан Ўзбекистондаги мобил алоқа, интернет, коммунал ва бошқа кундалик хизматлар учун масофадан тўлов қилиш мумкин эди. Янги имконият билан эса пул маблағларини миллий тўлов тизимлари карталарига ўтказиш ҳам йўлга қўйилди.
Компания вакилларининг маълум қилишича, барча операциялар рақамли шаклда амалга оширилади. Хизматни ишга туширишда АҚШ ва Ўзбекистоннинг молиявий тартибга солиш талаблари, транзакциялар хавфсизлиги ва фойдаланувчилар учун қулайликни таъминлашга эътибор қаратилган.
Шунингдек, пул ўтказмаларини амалга ошириш учун зарур банк, технологик ва комплаенс инфратузилмаси шакллантирилган. Лойиҳани ривожлантириш доирасида Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ва ватандошлар ташкилотлари билан ҳам мулоқот олиб борилган.
Келгусида пул ўтказмалари географиясини кенгайтириш ва янги молиявий хизматларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, хорижда яшовчи ўзбекистонликлар ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари вакиллари учун ҳам хизматлар такомиллаштирилади.

