Ўзбекистонда 26 август учун доллар расмий курси 11 778,52 сўм этиб белгиланди. Бу 2023 йил август ойида сўм кескин қадрсизланганидан буёнги энг паст кўрсаткич бўлди.
Марказий банк маълумотига кўра, АҚШ валютаси сешанба кунги савдолар якунлари бўйича 39,55 сўмга арзонлаган. Янги курс сўнгги бир ой ичида доллар учун тўртинчи энг паст кўрсаткични қайд этди.
Тижорат банкларида доллар асосан 11 840−11 875 сўмдан сотилмоқда. Энг паст сотув курси — 11 820 сўм бўлиб, уни Asia Alliance Bank, Apex Bank ва Халқ банки таклиф қилмоқда.
АҚШ валютасини харид қилиш курси тахминан 11 725 сўмдан бошланмоқда. Долларни энг юқори курсда — 11 810 сўмдан Ziraat Bank сотиб олмоқда.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, август ойида сўмнинг мустаҳкамланиши сезиларли даражада тезлашган. Йил бошидан июль охирига қадар миллий валютанинг долларга нисбатан курси деярли ўзгармаган — сўм атиги 0,01 фоизга қадрсизланган. Август ойининг ўзида эса сўм қарийб 1,9 фоизга мустаҳкамланган.
Унинг сўзларига кўра, сўмнинг мустаҳкамланиши доллар қатор жаҳон валюталарига нисбатан заифлашаётгани умумий тенденцияси фонида юз бермоқда.
«Ой бошидан буён танлаб олинган 39 та валютанинг 28 таси долларга нисбатан мустаҳкамланди, фақат 5 таси заифлашди», — деди иқтисодчи.
Унинг келтирган маълумотларига кўра, ушбу даврда энг сезиларли даражада Жанубий Корея вони мустаҳкамланган — қарийб 4 фоизга. Қозоғистон тенгеси эса тахминан 3,5 фоизга қимматлашган.
«Умуман олганда, август ойида сўмнинг мустаҳкамланиши глобал тенденцияларга мос келмоқда», — деб ёзди Миркомил Холбоев.
Шу билан бирга, у миллий валюта курсига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган айрим ички омиллар бўйича ҳозирча тўлиқ маълумотлар мавжуд эмаслигини таъкидлади.
Жумладан, гап август ойидаги экспорт, жаҳон бозорида олтин нархи ошиши фонида олтин экспорти, инвестициялар оқими, пул ўтказмалари ва ташқи қарз олиш ҳақида бормоқда.
«Бу омиллар, табиийки, катта роль ўйнаши ҳам мумкин. Бу ҳақда кейинроқ билиб оламиз», — дейди иқтисодчи.
Олти ой давомида жисмоний шахслар банкларга 12,3 млрд долларлик валюта сотган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кўп. Аҳолининг валюта хариди ҳажми эса 26 фоизга ошиб, 6,8 млрд долларга етган. Шу тариқа, аҳоли ярим йилда банкларга сотган хорижий валютаси харид қилганидан қарийб 5,5 млрд долларга кўп бўлган. Ўтган йилда бу фарқ 3,7 млрд долларни ташкил этган.
Аҳоли хорижий валютанинг йирик соф сотувчиси бўлиб қолмоқда. Аҳолининг валюта соф таклифининг валюта айирбошлаш операциялари умумий айланмасидаги улуши 2025 йилнинг биринчи ярмидаги 26 фоиздан 2026 йил январь-июнь ойларида 29 фоизга ошган.



