2026-йил январ—июл ойларида Ўзбекистондаги банкларда қарийб 71,2 млрд доллар қийматдаги чет эл валюталари олди-сотди қилинди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
Бундай юқори қиймат яқин уч йилликнинг дастлабки етти ойлик даврларида кузатилмаган. Регулятор пул бозорида хорижий валюта таклифи талабдан кўра тезроқ ўсаётганини қайд этган. Бироқ таклиф ҳажм жиҳатдан талабдан орқада қоляпти.
Етти ой давомида аҳоли ва корхоналар банклардан 38,2 млрд доллар сотиб олган. Бу кўрсаткич 2025-йил мос даврига нисбатан 5,7 млрд долларга (17,7 фоизга) ошган. Жумладан, юридик шахслар 30 млрд доллар, жисмоний шахслар 8,2 млрд доллар эквивалентида чет эл валюталари харидини амалга оширган. Мазкур рақамлар охирги уч йилликнинг мос даврлари ичида энг юқориси ҳисобланади. Масалан, 2024-йил январ—июлда корхоналар 21 млрд доллар, аҳоли эса 5,4 млрд доллар сотиб олган. 2025-йил мос даврига келиб, бизнес субектлари 26 млрд доллар, фуқаролар 6,5 млрд доллар эквивалентида чет эл валюталари харид қилган.
Январ—июл ойларида аҳоли ва корхоналар банкларга 33 млрд доллар қийматдаги хорижий валюталар сотган. Бунда таклиф қиймати 2025-йилнинг дастлабки етти ойидагига қараганда 7,2 млрд долларга (28 фоизга) ўсган. Хусусан, банкларга аҳоли 14,6 млрд доллар, корхоналар 18,4 млрд долларлик валюталар сотувини амалга оширган. Таққослаш учун, 2024-йилнинг илк етти ойида бизнес субектлари 12,5 млрд доллар, фуқаролар 8,65 млрд доллар сотган. 2025-йил мос даврига келиб тадбиркорлар 14,7 млрд доллар, аҳоли томонидан эса 11,1 млрд доллар сотилган.
Етти ой давомида Ўзбекистонда валюта айирбошлаш курси 11 910 — 12 320 сўм/АҚШ доллари диапазонида тебранган.
“Ҳисобот даври якунларига кўра, миллий валюта АҚШ долларига нисбатан қарийб 0,4 фоизга мустаҳкамланди”, дейилади регулятор таҳлилида.
Январ—июл ойларида валюта алмашув курси тебранувчанлиги ўртача 32 сўмни (0,27 фоизни) ташкил этган. Таққослаш учун, 2025-йил мос даврида мазкур кўрсаткич 28,2 сўмга (0,22 фоиз) тенг бўлган.
Ўзбекистонда хорижий валюталар таклифига таъсир қилувчи муҳим каналлардан бири мигрантлар томонидан чет элдан юборилаётган маблағлар ҳисобланади. Марказий банк 2026-йил И ярмида мамлакатга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 9,3 млрд долларга етганини маълум қилди. Мазкур кўрсаткич 2025-йил мос даврига нисбатан 1,1 млрд долларга (13 фоиз) ўсган.


