Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади

Президент қарорига кўра, 2027-йил 1-январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Муддатли тўлов хизмати операторига молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади.

Фото: Марказий банк

“Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2027-йил 1-январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахс (банклар ва микромолия ташкилотлари бундан мустасно) муддатли тўлов хизмати оператори деб эътироф этилади.

Юридик шахсларнинг муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи Марказий банк томонидан шакллантириладиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилгандан сўнг вужудга келади.

Юридик шахслар қуйидаги тартибда Реестрга киритилади:

  • банклар, микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали;
  • бошқа юридик шахслар Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали.

Кўчмас мулк, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулк муддатли тўлов хизмати обекти бўлиши мумкин эмас.

Муддатли тўлов хизмати операторига:

  • молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади;
  • муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари бўйича талаб қилиш ҳуқуқидан фақат бошқа муддатли тўлов хизмати оператори, микромолия ташкилоти ва банклар фойдасига воз кечиш ҳуқуқи берилади.

Қарорга кўра, муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари қуйидаги шартларга мувофиқ бўлиши лозим:

  • муддатли тўлов хизмати обектининг қиймати БҲМнинг 250 бараваридан ошмаслиги;
  • муддатли тўлов хизмати операторининг комиссия (устама) тўловлари ва товар (иш, хизмат)ларнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар алоҳида кўрсатилиши;
  • муддатли тўлов хизмати бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан, воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этиши мумкин эмаслиги;
  • истеъмолчи муддатли тўлов хизмати суммасини исталган вақтда (тўлиқ ёки қисман) қўшимча жарима, пеня ва комиссияларсиз муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқига эга бўлиши;
  • муддатли тўлов хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича истеъмолчи мажбуриятининг энг кўп муддати шартнома тузилган кундан бошлаб 12 ойдан ошмаслиги.

2027-йил 1-январдан товар истеъмол кредитини тақдим этувчи ташкилотлар қиймати БҲМнинг 3 бараваригача бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ва уларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиши талаб этилмайди.