Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Уй-жойни “рассрочка”га олиш тақиқланмайди — Адлия вазирлиги

Чеклов фақат операторлар орқали уй олишга тааллуқли бўлади, қурувчидан бевосита бўлиб-бўлиб тўлашга уй олиш эса чекланмайди. Шу билан бирга, қарор муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи операторлар фаолиятига янги талабларни жорий қилади.

Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда уй-жойларни бўлиб-бўлиб тўлашга сотиб олиш чекланиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди. Президент қарори билан 2027-йил 1-январдан муддатли тўлов хизматлари операторлари фаолиятини тартибга солиш тартиби белгиланган эди.

Қарорга кўра, муддатли тўлов операторлари — истеъмолчиларга муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ҳисобланади. Кўчмас мулк оператор кўрсатадиган муддатли тўлов хизматининг обекти бўла олмайди. Яъни воситачи-оператор уй-жойни “рассрочка”га олиб бериш имконига эга бўлмайди.

“Бироқ бу қурувчи ўзи қурган уйни харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сота олмайди, дегани эмас. Чунки қарорда сотувчи томонидан истеъмолчига тўғридан тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган”, — дейилади хабарда.

Шу сабабли 2027-йилдан ҳам фуқаролар уй-жойни бевосита қурувчининг ўзидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиши мумкин. Янги тартиб қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита савдони тақиқламайди.

Шу билан бирга, қарор муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи операторлар фаолиятига янги талабларни жорий қилади. Хусусан, операторлар махсус реестрга киритилади ва Марказий банк назорати остида фаолият юритади. Уларнинг шартномалари, устама ва комиссияларига ҳам аниқ талаблар белгиланади.

Муддатли тўлов бозори қандай тартибга солинмоқда

Президент қарорига кўра, 2027-йил 1-январдан муддатли тўлов хизматлари операторлари фаолияти тартибга солинади. Банк ва микромолия ташкилотларидан ташқари бундай хизмат кўрсатувчи юридик шахслар махсус реестрга киритилиб, Марказий банк назорати остида ишлайди.

Шунингдек, муддатли тўлов шартномаси қиймати 110 млн сўмдан ошмаслиги, истеъмолчининг мажбурият муддати эса 12 ойдан кўп бўлмаслиги белгиланмоқда. Асосий қарздан ташқари комиссия, жарима, пеня ва бошқа тўловларнинг жами йилига муддатли тўлов суммасининг 50%идан ошмаслиги керак.

Истеъмолчи қарзни исталган вақтда қўшимча жарима, пеня ёки комиссияларсиз муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Муддатли тўлов операторлари Марказий банкнинг пруденциал талаблари ва назоратига риоя қилиши, мижозларни рақамли идентификация ва верификациядан ўтказиши шарт бўлади. Барча муддатли тўлов шартномалари бўйича маълумотлар кредит бюролари билан алмашилади ҳамда операторлар Марказий банк белгилайдиган қарз юки бўйича чекловларга амал қилади.

Айланмасининг чораклик ҳажми 500 млн сўмдан ошиб, бўлиб-бўлиб тўлаш хизматлари улуши 50% ва ундан юқори бўлган ташкилотлар ҳам реестрга киритилиб, операторлар учун белгиланган талабларга риоя қилади.