Президент Шавкат Мирзиёев нефт-газ бозорида барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига углеводород ресурсларини узлуксиз етказиб бериш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда йил якунигача суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича режа қайта кўриб чиқилди. Давлат раҳбари томонидан дастлаб белгиланган 520 минг тонна ўрнига 606 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди. Бу аввалги режадан 86 минг тоннага кўп.
Қайд этилишича, август ойида 27 та қудуқни ишга тушириш режалаштирилган. “Янги Култак”, “Ниёз”, “Қоратау”, “Марварид” ва “Тегирмон” конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Қудуқларни бурғилашдан уларни газ узатиш тармоғига улашгача бўлган жараёнларни кунлик назорат қилиш, шунингдек, электр таъминоти ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш топширилди.
Бундан ташқари, ресурсларни асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича назорат ўрнатишга кўрсатмалар берилди.


