Ўзбекистонда муаммоли кредитларнинг 70 фоиздан ортиқ қисмини давлат банклари ажратган. Бунга оид рақамлар Марказий банк эълон қилган таҳлилда келтирилган.
2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, республикадаги банкларнинг муаммоли кредитлари миқдори 22,94 трлн сўмни ташкил этган. Шундан қарийб 16,44 трлн сўми давлат банклари бериб, қайтара олмаётган қарзлар ҳисобланади.
Энг кўп муаммоли кредитлар Ўзмиллийбанкда — 3,2 трлн сўм. Кейинги ўринларни Агробанк (3,19 трлн сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (1,98 трлн сўм), Асака банк (1,9 трлн сўм) ва Микрокредитбанк (1,8 трлн сўм) эгаллаган. Ўз навбатида Халқ банки (1,5 трлн сўм) ва Бизнесни ривожлантириш банкига (1,48 трлн сўм) қайтарилмаётган қарзлар улуши юқори ҳисобланади.
Охирги бир йилда давлат банклари орасида Микрокредитбанк ажратган қарзларнинг муаммоли қисми нисбатан юқори — 613 млрд сўмга кўпайган. Шу билан бирга, Алоқабанкка қаётарилмаётган кредитлар бир йилда 401 млрд сўм, Агробанкники эса 394 млрд сўмга ошган. Давлат банклари орасида Ўзсаноатқурилишбанк муаммоли кредитлар улушини 562 млрд сўмга, Халқ банки 346 млрд сўмга камайтиришга эришган.
Муаммоли кредитларнинг 6,5 трлн сўми хусусий банклар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, ўз муддатида қайтарилмаган қарзларнинг 1,1 трлн сўмини Ипотекабанк ажратган. Яна 1 трлн сўми Тибиси банк, 901 млрд сўми Анробанк, 822 млрд сўми Капитал банк ундира олмаётган кредитлар ҳисобланади. Қолган хусусий банклар муаммоли кредитлари ярим млрд сўмдан кам.
Сўнги бир йилда хусусий банклар орасида Анорбанк ажратган кредитларнинг муаммоли қисми 586 млрд сўмга, Тибиси банкники 582 млрд сўмга кўпайган. Бу даврда Ипотека банк муаммоли қарзлар улушини 1,2 трлн сўмга, Капитал банк эса 1,1 трлн сўмга камайтиришга эришган.


