“Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июндан солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор БҲМнинг 12 минг баравари этиб белгиланди.
2026 йил 1 июндан:
- меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан:
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади;
- алкоголь маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари ушбу субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб эътироф этилади;
умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар учун:
- айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тарзда шу куннинг ўзида ва муайян муддатга расмийлаштириш ва иш ҳақини тўлаш тартиби жорий этилади;
- тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш, тушумнинг нақд пулсиз шаклда тушган улушидан қатъи назар, тўланган солиқ суммасининг 40 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан :
- алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилади ва унинг ставкаси БҲМнинг 10 фоизи миқдорида белгиланади;
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан тадбиркорларга умумий майдони 1 000 метр квадратдан кўп бўлган мол-мулк ижарага берилганда, солиқ солиш мақсадида ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланмайди, бундан Тошкент шаҳри мустасно;
- кичик бизнес субъектларига бухгалтерия ҳисобини юритувчи ташкилотлар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб қилиш харажатларини 2 баробарга оширган ҳолда чегиришга рухсат берилади.
- 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорларга ихтиёрий равишда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилади.
ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибида:
- ҚҚС ставкаси товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоиз этиб белгиланади;
- фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
- сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди.


