Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан 2026 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жой нархлари ва бозор фаоллиги таҳлил қилинди.
Апрель ойида уй-жой бозорида фаоллик пасайди. Мазкур даврда умумий эълонлар сони 44,5 мингтани ташкил қилиб, март ойига нисбатан 13,4%га, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,7%га қисқарди.
Эълонлар сонида бирламчи бозор улуши ортиб бормоқда
Уй-жой эълонлари таркибида бирламчи бозор улуши 2024 йил январь ойидаги 33,8% дан 47,6% гача ошди, иккиламчи бозор улуши эса 66,2% дан 52,4% гача камайди. Уй-жой бозорида 2–3 хонали сегментларда нарх нисбатан барқарор сақланмоқда. Бирламчи бозорда 4+ хонали юқори нарх сегментида пасайиш сақланмоқда, иккиламчи бозорда эса ушбу сегментда мўътадил ўсиш қайд этилди.
Бирламчи бозорда нархларнинг ўзгариши:
- 3 хонали — +1,8%
- 2 хонали — +0,7%
- 1 хонали — −1,6%
- 4+ хонали — −2,1%
Иккиламчи бозорда нархларнинг ўзгариши
- 1 хонали — +3,5%
- 2 хонали — +0,4%
- 3 хонали — +1,2%
- 4+ хонали — +0,6%
Марказга яқин ҳудудларда тўлиқ таъмирланган уйлар нархи юқорилигича қолмоқда
Тўлиқ таъмирланган уй-жойлар бўйича 1 м² учун ўртача таклиф нархлари туманлар кесимида фарқланмоқда: Миробод, Яккасарой, Мирзо Улуғбек: $1413 -$2121, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Чилонзор, Яшнабод: $1195-$1797, Учтепа, Олмозор, Сирғали: $900-$1367.
Тўлиқ таъмирланган хонадонларнинг ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути бирламчи бозорда 2 баробардан ошди. 4 хонали тўлиқ таъмирланган хонадонларда:
Бирламчи бозор:
- Миробод — $2 117/м²
- Сирғали — $922/м² (2,3 баравар тафовут)
Иккиламчи бозор:
- Миробод — $1 677/м²
- Сирғали — $900/м² (1,9 баравар тафовут)
Яшнободдаги ўсиш ва «Янги Тошкент» омили
Яшнобод туманида кузатилаётган нарх ўсишига қурилиш фаоллиги, инфратузилма ривожи ҳамда «Янги Тошкент» лойиҳаси билан боғлиқ кутилмалар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Нақдсиз олди-сотди тартибининг жорий этилиши дастлабки ойда нархларда кескин ўзгариш келтириб чиқармади. Якуний таъсирни баҳолаш учун 2026 йилнинг 2–3-чоракларидаги динамика муҳим бўлади.
Хулоса: Марказга яқин ҳудудларда нарх даражаси юқорилигича қолмоқда, Яшнободда эса инфратузилма ва «Янги Тошкент» омили ўсиш кутилмаларини қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, 4+ хонали юқори нарх сегментидаги пасайиш рискини алоҳида баҳолаш зарур.
Таҳлиллар Olx.uz очиқ эълонлари асосида тайёрланган бўлиб, ундаги нархлар таклиф нархларини акс эттиради; якуний битим нархлари бундан фарқ қилиши мумкин.


