Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10ноябр · Сешанба
USD 11 994,10 ▲ +6,94 EUR 13 420,20 ▲ +26,95 RUB 145,79 ▼ −0,50 GBP 16 087,69 ▲ +27,29
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Қурилиш вазири Ботир Зокиров лавозимидан озод этилди

2019-йилдан буён қурилиш ва уй-жой комммунал хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келган Ботир Зокиров соғлиги туфайли вазифасидан озод этилди. Унинг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров ишдан олинди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Қайд этилишича, вазирнинг лавозимидан озод қилинишига унинг соғлиги билан боғлиқ ҳолати сабаб бўлган. Вазир вазифасини бажарувчи лавозимига эса айни пайтгача Зокировнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Шерзод Ҳидоятов тайинланди.

Маълумот учун, Ботир Зокиров 1963-йилнинг 28-июлида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент политехника институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) қурувчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1980-йилда Тошкент инструментал заводида бошлаган. 1985-1990-йилларда “Тошсантехмонтаж” трестида фаолият юритган. 1990-йилда “12-трест” қурилиш ширкатида иш бошлаб, чилангарликдан бошқарув кенгаши раиси лавозимигача кўтарилган. 2011-йилда президент фармони билан бош вазири ўринбосари – Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган.

2019-йил 31-августдан эса давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келаётганди.