Шавкат Мирзиёев 31 январь, сешанба куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда йўлларда автобуслар ҳаракати учун инфратузилма масаласига тўхталиб ўтилди.
Тошкент шаҳридаги 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу орқали, автобуслар ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишлар бартараф этилади.
Шунингдек, вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
- ўз ҳудудида транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, ишларни бошлаш;
- намунавий бекат лойиҳасини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга реклама ва банкомат хизматларини ташкил қилиш учун вақтинчалик фойдаланишга бериш тартибини киритиш топширилди.
Аввалроқ жамоат транспортида шу пайтгача бўлган кунлик тушум «плани»ни белгилаш амалиёти бекор қилиниб, аҳолига қулай йўл ҳақи тарифларини (йиллик, чораклик, ойлик, кунлик, соатлик) жорий қилиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳамда тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашига рухсат берилиб, автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит ажратилиши ҳақида хабар берилганди.


