Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигида мутасаддилар Жаҳон банкининг масъул мутахассислари билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур тадбирда шаҳарда ногиронлиги бор фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларга етарли шарт-шароит яратиш учун грант маблағлари ажратиш масаласи муҳокама этилган.
Меҳмонларга пойтахтда кейинги пайтда мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Жумладан, ногиронлар учун янги барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаларида алоҳида йўлакчалар, таъмирланаётган йўлларнинг чорраҳаларида уларнинг ҳаракатланиши учун махсус йўлаклар қурилаётганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида 49 552 нафар ногиронлиги бор фуқаро истиқомат қилиши, шунингдек, давлат таъминотида бўлган иккита Мурувват уйи мавжудлиги, уларнинг бири катта ёшдаги, иккинчиси эса болалар учун ихтисослаштирилганлиги таъкидланди.
Мирзо Улуғбек туманидаги «Мурувват» эркаклар учун интернат-уйининг бир қисми таъмирланаётганлиги, Юнусобод туманидаги «Мурувват» уйи ҳудудида эса боғ ташкил этилаётганлиги қайд этилди. Бундай хайрли ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, 4,5 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилгани тўғрисида маълумотлар берилди.
Жаҳон банки масъул мутахассислари Ўзбекистон ҳукумати «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни ратификация қилганини, ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлардан хабардорлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорлик ўрнатилгани, лекин мавжуд ҳолат таҳлил этилганда, ногиронлар учун яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар етарли даражада эмаслигини таъкидлади.
Шунинг учун янги барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаларида ногиронлар учун алоҳида йўлакчалар қуриш, уларнинг саломатлигига ғамхўрлик қилиш, айниқса, иқлим ўзгаришлари билан бундай фуқароларнинг соғлиғига эътиборни кучайтириш мақсадида грантлар ажратиш тавсия этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари мазкур йўналишда олиб бориладиган ишларни Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамиятлари ва ассоциасиялари билан ҳамкорликда амалга ошириш, бугунги кунда долзарб ҳисобланган кўзи ожизлар ва эшитишида нуқсони бор болаларни замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаш учун грант маблағлари ажратиш айни муддао эканини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда мазкур соҳада амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида моиторинг олиб бориш яхши самара бериши билдирилди.


