Навоий вилояти Нурота туманида жойлашган Сентоб туризм қишлоғига олиб борувчи барча йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидлаш керакки, Сентоб қишлоғини «туризм қишлоғи»га айлантириш мақсадида 20 та оилавий меҳмон уйи, 3 та ҳостел ҳамда 15 турдаги туризм хизматлари ташкил этилди. Шу билан бирга, 200 га яқин ишсиз аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.
Қайд этилишича, қишлоқда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, у ердан Англия, Франция, Австрия, Россия ва бошқа давлатлардан келаётган хорижий сайёҳларнинг қадами узилмайди. Масалан, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 300 минг нафар маҳаллий, 2 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.
Шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди, тунги ёритиш чироқлари, 2 та пиёдалар кўприги, 2 та селфи ҳудуд, 3 та санитария-гигиена шохобчаси, Сентоб қишлоғининг рамзий кириш стеллоси, 1 та туристик ахборот маркази қуриб битказилиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Сентоб қишлоғининг 3 кунлик турпакети ишлаб чиқилди. Аҳолини тадбиркорлик жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида 8 нафар аҳоли бизнес курсларида ўқитилди. Хизмат кўрсатиш йўналишида 3 нафар маҳаллий аҳолига 94 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Амалга оширилган барча чора-тадбирлар натижасида Сентоб қишлоғи Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) томонидан навбатдаги Best tourism villages (Энг яхши туризм қишлоғи) лойиҳасига номзод сифатида киритилди.


