Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги ошмоқда

2022 йил август ойи натижаларига кўра, Ишбилармонлик фаоллиги индексида барча ҳудудларда июль ойига нисбатан ўсиш кузатилди. Энг юқори кўрсаткич Сирдарёда қайд этилган

Фото: «Янги Ўзбекистон» газетаси

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси 2022 йилнинг август ойида июлга нисбатан 7,2 фоизга ошган. Шунингдек, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда ишбилармонлик фаоллиги муҳитида 14 фоизлик ўсиш қайд этилди.

2022 йил август ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 7,2 фоизга ошиши қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги опреациялар сони 12,6 фоизга;
  • фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 0,8 фоизга;
  • товар-хомашё биржасида хомашё сотиб олиш жадаллиги 6,4 фоизга ошган.

 

Товар белгилари бўйича компонент 1,2 фоизга мўътадил камайган. Ҳудудлар кесимида эса Сирдарё вилоятида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган.

2022 йил август ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси барча ҳудудларда июль ойига нисбатан ўсиш кузатилган. Сирдарё (67,5 фоиз), Наманган (41,9 фоиз), Фарғона (22,5 фоиз), Навоий (16,6 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (33,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (13,5 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Қайд этилишича, банклараро тўлов операциялари сони 2022 йилнинг август ойида июлга нисбатан  12,9 фоиз ошган. Ҳудудлар кесимида эса 12 та ҳудудда ўсиш кузатилган. Республика товар-хомашё биржасида товарлар савдоси умумий айланмаси ҳажми 7357,4 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 498 214 тадан 503 426 тагача кўпайган. Фермер хўжаликлари сони 108 273 тадан 108 426 тагача кўпайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3575 тани ташкил этиб, 2022 йилнинг июль ойига нисбатан 21 тага ошган.