Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Тадбиркорлик кодексининг янгиланган лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Тадбиркорлик кодексининг янгиланган лойиҳаси жамоат муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, эндиликда тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинади. Тадбиркорлик субъектларининг «хўжалик ширкати» ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинади.

Ўзбекистон Тадбиркорлик кодексининг янгиланган лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилди.

Унга кўра,Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш кўзда тутилмоқда. Шулардан, 9 та қонун, 2 та қонун лойиҳаси ҳамда 10 дан ортиқ қонун ости ҳужжатларининг Кодекс лойиҳасига яхлит унификация қилиниши назарда тутилмоқда.

Кодекс лойиҳасининг мақсади тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шунингдек, Кодекс лойиҳасининг асосий вазифалари фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, хусусий мулк, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Кодекс лойиҳаси 8 та бўлим, 34 та боб ва 385 та моддадан иборат. Жумладан кодекс лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда фақат кичик тадбиркорлик субъектлари ва йирик солиқ тўловчилар тушунчалари мавжуд);

Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида амалга оширилади.

Кичик – якка тартибдаги тадбиркор (5 нафар ходим), микрофирма (20 нафар ходим, йиллик айланмаси БҲМнинг 3 500 бараваригача), кичик корхона – 100 нафаргача ходим, йиллик айланмаси БҲМнинг 35 минг бараваригача, ўрта – 250 нафаргача ходим, йиллик айланмаси БҲМнинг 350 минг бараваридан ортиқ бўлмаган, йирик – 250 нафар ходимдан ва йиллик айланмаси БҲМнинг 350 минг бараваридан ортиқ тадбиркорлик субъектлари.

тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, тадбиркорлар ичида оммабоп бўлмаган «хўжалик ширкати» ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда;

якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;

тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда;

43 та давлат органининг 146 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур Кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда. Бунда рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда;

давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши белгиланмоқда. Бунда:

молиявий санкциялар суд томонидан қўлланилади (бундан солиққа тортиш ва банк соҳаларидаги санкциялар мустасно);

бир хил турдаги ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига молиявий санкция ва унинг мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳолларда, фақат молиявий санкция қўлланилади;

биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ушбу қонун бузилишни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажарган, шунингдек етказилган зарарни қоплаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди;

барча талабларни ўз ичига олган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш ва ошкор этиш назарда тутилмоқда. Бунда Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланмоқда;

қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади (енгиллаштирувчи нормалардан ташқари);

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидияларини жорий этишнинг қуйидаги тартиби белгиланмоқда:

субсидия Ўзбекистон Президенти қарори билан жорий этилади, тартиб-таомиллари – ҳукумат томонидан белгиланади;

субсидияларнинг асосий йўналишлари белгиланади ва улар «ягона дарча» принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ажратилади;

Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банкининг таклифлари ва халқаро стандартларга (IWA 34:2021 – Women’s Enterpreneurship) мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими (алоҳида дастурлар асосида) жорий этилмоқда;

ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва уларни, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари белгиланмоқда;

бизнес-инкубаторларнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланмоқда;

давлат корхоналарига рақобатни чекловчи тўғридан-тўғри солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёз ва преференциялар бериш тақиқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда крипто-активлар майнингини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом муҳокамага қўйилганди.

Шунингдек, тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.