Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Кредит учун гаров талаби енгиллаштирилади

Энди 500 млн сўмгача кредит олишда бизнес-режа талаб этилмайди. Маблағлар тадбиркорнинг пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олиш кредитларида эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.

Фото: ТАСС

Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда давлат банкларини мижозлар бизнесини ўстириш тамойили асосида трансформация қилиш зарурлиги таъкидланди.

Йил бошидан гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Банклар анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Энди реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига асосланган комплекс молиявий маҳсулотлар кенг жорий қилинади.

Кичик тадбиркорларнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади. 500 млн сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди. Кредит гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олиш кредитларида эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.

Тўққизта давлат банкига бир ойда бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди. Маҳалла банкирлари янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириб боради.

Шунингдек, солиқ идоралари ҳам тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш ва иш ўринларини сақлаб қолишга кўмаклашиши зарурлиги таъкидланди.

Вилоятда айрим корхоналар айланмаси ва иш ўринлари қисқаргани, бир қатор бизнес субъектлари фаолияти тугатилгани қайд этилди. Маҳаллага тушган солиқ ходимлари бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганиб, ечим топишга фаол киришиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Энди даромади ёки иш ўрни камайган корхонага маҳалла солиқчиси бориб, муаммони ўрганади. Ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири билан бирга солиқ тўловини кечиктириш, кредит муддатини узайтириш, айланма маблағ, бозор ёки экспортга кўмаклашиш бўйича туман штабига таклиф киритади.

Мазкур жараёнда ҳар бир бизнеснинг даромадга кириш даври ва хусусияти инобатга олинади. Ёшлар бандлиги маҳалла солиқчилари фаолиятини баҳолаш ва меҳнатига ҳақ тўлашда самарадорлик мезони қилиб белгиланади.