Ўзбекистонда кўчма музлаткичлар ташкил этиш учун тайёр лойиҳалар лизинг асосида тадбиркорларга берилади. Бу ҳақда Президент асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга кўчма музлаткичлар ташкил этиш учун ер майдонларини ижарага бериш муддатларини узайтириш, 2 мингта маҳаллада кичик музлаткичлар ташкил этиш лойиҳаларини бошлаш вазифасини топширган. Бунда тайёр лойиҳалар янги лизинг механизми асосида тадбиркорларга берилади.
Шу билан бирга, ўсимликлар ҳимояси бўйича:
- хусусий сектор билан ҳамкорликда аҳоли томорқа ерларида ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматларини кўрсатиш учун отрядлар ташкил этилади;
- томорқаларда фойдаланадиган кимёвий препаратлар рўйхати тасдиқланиб, улар аҳоли орасида кенг тарғиб қилинади.
Карантин хизматидан деҳқонлар норозилиги, улар кўмакчи эмас, назоратчи бўлиб қолгани танқид қилинган. Хизмат бошлиғи И.Эргашев охирги марта қатъий огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Фарғонага ташрифи чоғида Олтиариқдаги минг гектарлик узум ва боғдорчилик плантацияларини бориб кўрган ва улар кейинчалик аҳолига хусусийлаштириб берилишини маълум қилганди.
Шунингдек, Тошкентда боғ ва токзорлар лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилиши ҳақида хабар қилинганди.


