Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Озарбойжон Европага газ етказиб бериш ҳажмини икки баравар оширади

«Озарбойжон Европага газ етказиб бериш учун Транс-Анадолу ва Транс-Адриатик қувурлари қувватини икки баравар оширади», — деди Президент Илҳом Алиев. Мамлакат июль ойида ЕИ билан газ экспортини 2027 йилгача икки баравар оширишга келишиб олганди.

Фото: Озарбойжон Президенти матбуот хизмати

Озарбойжон Транс-Анадолу (TANAP) ва Транс-Адриатик (TAP) газ қувурлари орқали Европага етказиб бериш ҳажмини оширади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Илҳом Алиев маълум қилди.

Унинг сўзлари Озарбойжон Президенти сайтида келтирилган.

«TANAP қуввати 16 миллиард куб метрни ташкил қилади. 32 миллиард куб метрга етказишни режалаштирганмиз», — деди Алиев.

Унинг сўзларига кўра, TAP орқали етказиб бериш дастлабки қуввати 10 миллиард куб метр бўлган ҳолда 20 миллиард куб метргача кўтарилади.

«Бу, албатта, қўшимча молиявий ресурсларни талаб қилади. Биз давлат ва инвестор сифатида бунга тайёрмиз. Аммо бунда жамоамизнинг бошқа аъзолари ҳам иштирок этиши зарур», — деди Озарбойжон Президенти.

Унинг сўзларига кўра, чора сиёсий қарорлар ва техник чораларни ҳам талаб қилади.

Қувурлар ҳақида

TANAP газ қувури Озарбайжондан Грузия ва Туркия орқали Греция чегарасига олиб борилади ва у ерда TAP орқали давом эттирилади.

Иккала қувур ҳам, учинчиси — Жанубий Кавказ газ қувури ҳам Озарбайжоннинг жанубий газ коридорига (SGC) киради.

SGC интеграциялашган қувур линияси тизимидир. Унинг ўтказиш қуввати 16 миллиард куб метрни ташкил қилади.

SGC учун асосий хомашё манбаи 1,2 триллион куб метр захирага эга Шоҳденгиз кони ҳисобланади.

Аввалги келишувлар

Озарбойжон ва Европа комиссияси 18 июль куни Бокуда энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзолади: ҳужжатда бошқа нарсалар қатори Жанубий газ йўлаги қувватларини икки баробар ошириш ҳақида ҳам сўз борди.

Битим Россия газини етказиб беришдаги узилишларни бартараф этишга ва 2027 йилга келиб, икки баравар ошиши кутилаётган Европага етказиб бериш хавфсизлигини сезиларли даражада яхшилашга ёрдам беради.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Озарбойжон билан газ етказиб беришни муҳокама қилган эди. Ўшанда Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Брюссель Осиёнинг айрим давлатлари билан музокаралар олиб бораётганини қайд этганди.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Россиядан Европага газ етказиб бериш тўхтатилганидан сўнг Озарбойжон билан газ импорти бўйича келишув имзолашга тайёрланаётгани хабар қилинди.