Ўзбекистон аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2026 йилга келиб 90 фоизга етказилади. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ раиси Соҳиб Саифназаров Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида 30-31 август кунлари бўлиб ўтган Глобал инфратузилмавий ҳамкорлик бўйича конференция (GICC 2022) да айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, 2013 йилда буён ўтказиб келинаётган конференция коронавирус пандемияси туфайли уч йиллик танаффусдан сўнг илк бор оффлайн форматда ташкил этилди.

Конференцияда «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқарув раиси Соҳиб Саифназаров иштирок этиб, анжуман иштирокчиларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида қилинаётган ишлар, амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланишича, 2022-2026 йилларда республикада 2875 та ичимлик ва 283 та оқова сув иншоотларини, 33,7 минг километр тармоқларни қуриш режалаштирилган. Натижада 2026 йилга келиб, республика аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 90 фоиз, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси эса 35 фоизга етиши кутилмоқда.
Конференцияда халқаро молия институтлари иштирокида Ўзбекистонда ишга туширилган йирик сув таъминоти ва оқова сув объектларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Жаҳон банки иштирокида Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманлари аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида кунлик қуввати 50 минг метр кубга тенг «Икки даҳа» сув тозалаш иншооти, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида оқова сув тизимини ривожлантириш учун кунлик қуввати 139 минг метр куб ва 3 минг метр куб бўлган иккита оқова сув тозалаш иншоотлари ишга туширилган.
Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида кунлик қуввати 100 минг метр кубни ташкил етувчи «Қодирия» сув тозалаш иншооти барпо этилган.
Соҳиб Саифназаров ўз нутқида 2026 йилга қадар амалга оширилиши режалаштирилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, бу давр мобайнида соҳага ўтган 5 йилга нисбатан 5 маротабага кўп, яъни 5,5 миллиард доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган.
Анжуман доирасида қатор икки томонлама учрашувлар, хорижий давлатларда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг тақдимоти ва бошқа тадбирлар ҳам бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда келгуси 5 йил ичимлик суви таъминоти учун 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиниши маълум қилинганди.
Шунингдек, сув тежовчи технологиялар учун субсидиялар ажратилиши ва Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 161 миллион доллар қарз бергани ҳақида хабар берилганди.


