Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26ноябр · Пайшанба
USD 11 987,89 ▼ −2,65 EUR 13 114,75 ▼ −22,09 RUB 145,41 ▼ −0,83 GBP 15 656,18 ▼ −38,24
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Кафолат асосидаги бизнес кредитлари улуши 1 фоиздан 12 фоизга оширилади

2030 йилгача кичик ва ўрта бизнеснинг бандликдаги улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини 90 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, тадбиркорларга “бир дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш таклиф этилди.

Фото: ТАСС

Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг республикадан маҳаллагача бўлган вертикал тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларда бизнес инкубаторлари ва лойиҳа офислари, туманларда микро, кичик ва ўрта бизнесга кўмаклашиш марказлари очиш ҳамда тадбиркорларга “бир дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш таклиф этилди.

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолашда миқдор кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўтилади. Бунда ташкил этилган корхоналарнинг барқарор ишлаши, яратилган иш ўринларининг доимийлиги ва тадбиркорлар товар айланмасининг ўсиши асосий мезон бўлади.

Шунингдек, ҳудудларда умумий қиймати 81 трлн сўмлик 1 000 та лойиҳани амалга ошириб, 320 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Маҳаллаларнинг ихтисослашуви асосида кооперацияни ривожлантириш, томорқа ва ижара ерларида юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш ҳам кўзда тутилган.

Таклиф этилаётган чоралар натижасида 2030 йилгача қуйидагиларга эришиш мақсад қилинган:

  • микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг йирикроқ тоифага ўтиш суръатини икки баробар ошириш;
  • секторнинг аҳоли бандлигидаги улушини 80% га, ўрта синф улушини 90% га етказиш;
  • норасмий бандликни қисқартириш.

Шунингдек, тадбиркорлик кредитларида кафолат ва кафиллик асосида берилганлар улушини 1% дан 12% га, халқаро молия институтлари маблағлари ва бозордан жалб қилинадиган қарзлар улушини 17% дан 35% га етказиш кўзда тутилган.

Тақдимотда бандлик хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, касбий малакани баҳолаш ва халқаро сертификатлаш тизимини ривожлантириш, расмий иш ўринларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш, меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни соддалаштириш ва давлат меҳнат назоратини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш топширилди.