Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 28ноябр · Шанба
USD 12 017,70 ▲ +15,60 EUR 13 179,81 ▲ +13,51 RUB 146,39 ▲ +0,37 GBP 15 780,44 ▲ +58,89
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Аҳоли даромадларини ошириш бўйича янги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади

Микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, юқори даромадли иш ўринларини кўпайтиришга эътибор қаратилади. Йил якунигача камбағаллик даражасини 3 фоиздан пастга тушириш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йил якунлари ҳамда келгуси йил режаларига тўхталди.

Унинг айтишича, йил бошидан камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилмоқда. Сўнгги уч ойда президент раислигида бир неча марта йиғилишлар ўтказилиб, янги тизим асосида иш олиб бориш бўйича қарорлар қабул қилинган.

Йил якунигача камбағаллик даражасини 3% дан пастга тушириш режалаштирилган. Бунинг учун туман ва вилоятларда штаблар ташкил этилган, тўртинчи чоракнинг ўзида ушбу йўналишга 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

“Ўйлайманки, йил охирида аввалдан режа қилинган, амалга оширилаётган ишлар мутлақ камбағалликка барҳам бериш имконини беради”, — деди Зоҳидов.

Вазирнинг таъкидлашича, тизим 2027 йилда фавқулодда ишлаш режимига ўтиб, асосий эътиборни аҳоли даромадларини оширишга қаратади. Бундан ташқари, 2030 йилгача ўрта даромадли аҳоли улушини 90% дан ошириш мақсад қилинган.

Зоҳидов бу борада микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, келгуси йилда ушбу бизнес яратадиган иш ўринлари, юқори даромадли иш жойлари улушини ошириш ва кичик бизнеснинг ўсишини таъминлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланади.

Унинг билдиришича, тегишли вазирлик ва идораларга экспертларни жалб қилган ҳолда бир ҳафта ичида самарали натижалар беришга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш топширилган.