Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26ноябр · Пайшанба
USD 11 987,89 ▼ −2,65 EUR 13 114,75 ▼ −22,09 RUB 145,41 ▼ −0,83 GBP 15 656,18 ▼ −38,24
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Валюта курсининг ўзгариши октябрда инфляцион кутилмаларнинг асосий омили бўлди

Октябрда Ўзбекистонда аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,4 фоиз бандга ошди. Аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларининг асосий омили валюта курсининг ўзгариши бўлди.

Октябрь ойида Ўзбекистонда аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари сентябрдаги кескин пасайишдан сўнг 0,4 фоиз бандга ошиб, 9,1 фоизни, ташкил этди. Бу Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган анъанавий сўровномаси натижалари бўйича эълон қилган шарҳидан келиб чиқади.

Аҳоли орасида ёқилғи-энергия нархларининг ошиши билан боғлиқ хавотирлар кетма-кет учинчи ой пасайди. Ушбу омилнинг инфляцияга кучайтирувчи таъсиридан хавотир билдирган респондентлар улуши 50 фоиздан 45 фоизгача камайди. Коммунал хизматларнинг қимматлашиши бўйича хавотирлар ўзгаришсиз қолди — 38 фоиз. Шунингдек, асосий озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши (30 фоиз) ҳамда иш ҳақи ва пенсия миқдори ошишининг инфляцияга таъсири аҳолини камроқ хавотирга сола бошлади (25 фоиз).

Октябрда аҳоли орасида инфляцион кутилмаларнинг асосий омили валюта курсининг ўзгариши бўлди. Мазкур омил бўйича хавотир билдирган респондентлар улуши 22 фоиздан 27 фоизгача ортди.

Октябрь ойида тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари пасайиш тенденциясида давом этиб, ўтган ойга нисбатан 0,7 фоиз бандга — 8,5 фоизгача пасайди.

Тадбиркорларнинг коммунал хизматлар қимматлашиши билан боғлиқ хавотирлари кетма-кет бешинчи ой пасайди. Мазкур омилни инфляцияни кучайтирувчи асосий омил сифатида қайд этган респондентлар улуши 32 фоизгача, шунингдек, ёқилғи ва энергия ресурслари нархининг ошишидан хавотир билдирган респондентлар улуши 45 фоизгача камайди. Хомашё қимматлашиши ва солиқ юкининг юқорилиги бўйича ўтган ойда кескин ошган хавотирлар октябрда пасайди.

Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари шаклланишига энг кучли таъсир кўрсатган омил ҳам валюта курсининг ўзгариши бўлди.

Соҳалар кесимида аҳоли орасида юқори кутилмалар маиший хизматлар соҳасида (10,6 фоиз) кузатилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар талабалар (7,6 фоиз) томонидан қайд этилди. Тадбиркорлик субъектлари орасида эса юқори кутилмалар ҳунармандчилик ва ташиш хизматлари соҳалари вакиллари (10 фоиз) томонидан қайд этилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар илм-фан ва таълим соҳаси вакиллари томонидан (7,5 фоиз) билдирилди.

Ҳудудлар кесимида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энг юқори кутилмалари Тошкент шаҳрида (мос равишда 10,5 фоиз ва 10,1 фоиз), энг паст кутилмалари эса Қорақалпоғистон Республикасида (мос равишда 7,9 фоиз ва 6,5 фоиз) қайд этилди.

Октябрда даромади 2 млн сўмгача ҳамда 7 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли вакилларининг кутилмалари нисбатан юқори шаклланди.