Ўзбекистонда йўл ва кўприклар қурилишига тадбиркорларни кенг жалб қилиш бўйича янги имкониятлар яратилади. Ҳозирга қадар ҳудудларда умумий қиймати 4 миллиард долларлик 131 та лойиҳа таклифи тайёрланган. Бу ҳақда президент Автомобиль йўллари қўмитасининг илмий-амалиёт маркази тадбикорлар билан ўтказган учрашувида маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳокимларга бир ой муддатда ҳар бир ҳудудда 1-2 тадан йўл ва кўприкни белгилаб, уларни қуриш, сақлаш ва бошқариш шарти билан инвесторларга таклиф этишни бошлаш топширилди. Бундай лойиҳалар хусусий секторга техник-иқтисодий асослари билан бирга тайёр пакет шаклида тақдим этилади.
Йўллар бўйида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам инвесторларнинг ўзига берилади. Бу каби лойиҳалар ҳар бир туманда бўлиши зарурлиги таъкидланди. Бугунги кунда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 6,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқинда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Урганч – Тупроққалъа йўли бўйича лойиҳага старт берилди.
Келгуси йилда Жаҳон банки билан М-41 йўлининг Сурхондарё вилоятидаги 97 километр қисмини, Осиё тараққиёт банки билан А-380 йўлининг Қашқадарёдаги 100 километр қисмини реконструкция қилиш бошланади.
Шунингдек, Ислом тараққиёт банки билан А-373 йўлининг Сирдарёдаги 37 километр қисмини, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан эса М-37 йўлининг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги 69 километр қисмини реконструкция қилишга киришилади.
Президент йўл соҳасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган халқаро молия ташкилотларига миннатдорлик билдирди. Сўнгги йилларда мамлакатда йўл қурилиши бўйича малакали мутахассислар, йирик маҳаллий пудратчи ва муҳандислик-консалтинг компаниялари шакллангани, замонавий техника билан таъминлаш борасида ҳам катта имкониятлар яратилгани таъкидланди.


