Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Mercedes-Benz Россиядаги заводини сотади

Mercedes-Benz Москва яқинидаги заводини сотади. Концерн «Россияда бизнес юритишнинг турли вариантларини» кўриб чиқмоқда, бироқ аниқ қарорлар ҳали қабул қилинмаган.

Германиянинг Mercedes-Benz автомобиль концерни Москва яқинида жойлашган Есиповодаги заводини сотади. Бу ҳақда автомобилсозлик ва кўчмас мулк бозоридаги манбаларга таяниб, «Коммерсантъ» хабар бермоқда.

Нашр суҳбатдошлари маълумотни тасдиқлаб, келишув якуний босқичда эканни таъкидлаган. 

«Харидор россиялик дилер, бироқ Mercedes’да ҳужжат билан боғлиқ муаммолар бор», — дея таъкидлайди манба.

Ҳозирда Есиповодаги завод бош компания Mercedes-Benz AG (80 фоиз) ва Daimler Kamaz RUS (20 фоиз) қўшма корхонасига тегишли.

Маълумотларга кўра, «Автодом» энг катта харидор сифатида кўрилмоқда. Битим Россия бозорида бренднинг дистрибюторлик ҳуқуқларини сотишни назарда тутади. «Автодом» ахборотга изоҳ беришдан бош тортган.

Mercedes-Benz компанияси Россиядаги ваколатхонаси вакилининг айтишича, компанияда «Россияда бизнес юритишнинг турли вариантлари» кўриб чиқилмоқда, бироқ аниқ қарорлар ҳали қабул қилинмаган.

Вакил компаниянинг келажаги ва стратегияси ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.

Эҳтимолий келишувга Россиядаги март ойидан бери ёпилган Mercedes-Benz заводи кирмайди. Унда Украинага ҳужум ва санкциялар фонида ишлаб чиқариш тўхтатилган.

Аввалроқ концернни «Мерседес-Бенц Рус»нинг Россиядаги филиали мулкини дилерлардан бирига сотиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.