Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Россияда Orbit сақичини етказиб беришда муаммолар юзага келди

Orbit билан таъминлашдаги узилишлар Европа Иттифоқи санкциялари билан боғлиқ.

Россияда Orbit сақичларини етказиб беришда узилишлар юз берди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри чакана савдо эгаларига таяниб ёзмоқда.

АҚШнинг Mars компанияси Orbit сақичини ишлаб чиқаришда қийинчиликларга дуч келмоқда. Чакана савдо эгаларининг сўзларига кўра, компания импорт қилинадиган ингредиент (маҳсулотнинг муҳим таркибий қисми)лар етишмовчилиги сабаб янги сақич партияларини жўнатишни тўхтатган.

Orbit билан таъминлашдаги узилишлар «Верний» супермаркетлар тармоғи вакили томонидан тасдиқланди. Унинг маълум қилишича, Mars тармоқда мавжуд маҳсулот ассортиментининг ярмини йил охиригача етказиб бера олмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Сақич ишлаб чиқарувчиси чакана сотувчиларга етказиб беришдаги узилишлар логистика муаммолари билан боғлиқлигини тушунтирган. Компания маҳсулот ишлаб чиқариш учун асосий ингредиентни импорт қила олмаяпти.

«Mars компаниясидаги муаммолар сақич тайёрлашда ишлатиладиган каучук асос Россиянинг Украинага ҳужумига жавобан жорий этилган Европа Иттифоқи санкциялари остида қолгани билан боғлиқ», — деган нашрнинг йирик озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноатидаги манбаси.

Маҳсулот «Кимёвий маҳсулотлар шу жумладан, табиий маҳсулотлар аралашмасидан иборат» гуруҳ доирасида Россияга олиб кириш тақиқланган товарлар рўйхатига киритилган.

Mars Россия сақич бозоридаги энг йирик ўйинчи бўлиб, дунёдаги энг катта қандолат ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Компания брендларига Mars, Snickers, Milky Way, Bounty, Twix, Skittles, M&M’s ва бошқалар киради. Компания Россияда ўнта заводни бошқаради, Orbit сақичлари эса Санкт-Петербургдаги заводда ишлаб чиқарилади.

Украинага Россия босқини бошланганидан сўнг Mars компанияси Россияга янги сармоялар киритишни тўхтатиши ҳамда маҳсулотларни импорт ва экспорт қилишни тугатишини эълон қилди. Компания, шунингдек, маҳаллий заводлар ишлашда давом этишини таъкидлади.

Мавзуга доир: