Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Навоийда Ўзбекистон-Хитой дори технологиялари паркининг қурилиши бошланди

«Навоий» эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 10 млн долларга тенг Фармакологик фаол ингредиентларни ишлаб-чиқариш бўйича Ўзбекистон-Хитой дори технологиялари парки қурилиши бошланди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

«Навоий» эркин иқтисодий зонасида Фармакологик фаол ингредиентларни ишлаб-чиқариш бўйича Ўзбекистон-Хитой дори технологиялари парки қурилиши бошланди. Бу ҳақда Инновацион ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Хитой Фанлар Академиясининг «Марказий Осиёда дори воситаларини яратиш ва амалиётга жорий этиш Маркази» ҳамкорликда «Навоий» эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг «Фармакологик фаол ингредиентларни ишлаб-чиқариш бўйича Ўзбекистон-Хитой дори технологиялари парки» ни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа доирасида 2022 йилда қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда хитойлик ҳамкорлар томонидан ишлаб чиқилган қурилиш лойиҳасини маҳаллий талабларга мослаштириш ишлари якунланган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун «Навоий» эркин иқтисодий зонасида 12 гектар ер майдони ажратилган.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда дори воситаларининг субстанцияларини илғор технологиялар асосида ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона вужудга келади. Мазкур корхонанинг қурилиши 3 босқичда амалга оширилади ва 2024 йилнинг якунига келиб ишга туширилиши режалаштирилган.

Бизнес-режага кўра, 16 турдаги дори воситаларининг субстанциялари кенг миқёсда ишлаб чиқарилади ва кейинчалик уларнинг сони бозор талабларига мувофиқ равишда кенгайиб боради. Шунингдек лойиҳанинг бошланғич босқичида 45 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, ҳар йили иш ўринлари сони ошириб борилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Яшнобод инновацион технопарки  «Бизнес-инкубатор» дастурини эълон қилганди. Унга кўра, дастурда 18 ёшдан кичик бўлмаган ташаббускор ёшлар, талабалар,  тадбиркорлар ва илмий ходимлар қатнашишлари мумкин. Уч ой давом этадиган дастур қатнашчилари ўз илмий ғояларини бизнес моделга айлантириш ва ҳаётга татбиқ қилиш, инвесторлар билан ишлаш бўйича амалий машғулотлар олади.