Қорақалпоғистон республикаси, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида 2022 йил бошидан 31 июлга қадар бўлган давр мобайнида экспорт ҳажми камайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Kommers.uz’га тақдим этган таҳлилида сўз боради.
Қайд этилишича, Бухоро (16,7 фоизга), Сурхондарё (7,8 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистонда (15,9 фоизга) товар экспортининг қисқариши кузатилган.
Қисқариш сабаблари
Қорақалпоғистонда экспорт ҳажмининг камайиши пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава ва (қизилмия илдизидан тайёрланадиган) фармацевтика маҳсулотлари экспортининг камайганлиги билан, шунингдек, пахта толаси экспортининг бутунлай бекор қилиниши ва ички бозорга йўналтирилиши билан изоҳланади.
Ўз навбатида, Сурхондарёда экспорт ҳажмининг камайиши мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг камайиши ҳамда пахта толаси ва калаванинг ички бозорга йўналтирилиши билан боғлиқ.
Бухорода ҳам шунга ўхшаш: экспорт ҳажмининг камайиши 2022 йилнинг январ-июль ойларида пахта толаси экспорти камайганлиги билан, бу эса маҳсулотларнинг ички бозорга йўналтирилганлиги билан боғлиқ.
Айрим ҳудудларда экспортнинг ўсиши
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан 31 июлга қадар товарлар экспорти ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (45,0 фоиз), Самарқанд (41,4 фоиз), Андижон (32,5 фоиз), Наманган (31,3 фоиз), Фарғона (25,1 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (44,5 фоиз) қайд этилган.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.


