Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон маҳсулотлари хорижга, асосан, 9 та транспорт йўлаги орқали ташилади. Тақдимотда ҳар бир транспорт йўлаги бўйича долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
«Транспорт соҳасини ривожлантириш иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳим замин. Транспортда юк ташиш таннархи паст бўлса, ҳам экспорт, ҳам инвестиция кўпаяди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Транспорт вазирлигига тадбиркорлар учун энг мақбул йўлларни таклиф этиш ва уларнинг транспорт харажатларини қисқартириш вазифаси қўйди.

Шунингдек, Европага экспорт юкларини ташиш учун қўшимча рухсатлар олиш муҳимлиги таъкидланган. Автомобилда юк ташиш учун Покистон ва Туркманистон билан қўшма транспорт компаниялари ташкил этиш таклифи билдирилган.
«Қўнғирот-Бейнов» халқаро автомобиль йўли реконструкциясини жадаллаштириш, юк вагони ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солиш бўйича кўрсатмалар берилгани маълум қилинди.

Аввалроқ миллиардер Алишер Усмоновнинг USM ҳолдингига тегишли «Металлоинвест» компанияси Ўзбекистондан темир йўлда юк ташишн тарифларини пасайтиришни сўраганди.
Компания раҳбари Нозим Эфендиев тарифларни «адолатли ва тенг бўлишига» чақирган, Ўзбекистон ҳукумати бу масалани кўриб чиқишга ваъда берганди.


