Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон давлат қарзининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда

Сенат қўмитаси йиғилишида «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Қонун билан давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўзбекистонда «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун билан қарз суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг ялпи мажлис олдидан қўмита йиғилишида ушбу қонун дасталбки тарзда кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, ушбу қонунни ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган. 

Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш назарда тутилган.

Қонун нормаларига мувофиқ, давлат қарзини бошқариш соҳасидаги Ўзбекистон Президенти, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг ваколатлари белгиланмоқда.

Хусусан, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгилаб қўйилади.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 26,3 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи эса 2022 йил 1 январь ҳолатига 39,6 миллиард долларни (2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 34,2 миллиард доллар) ташкил қилган. 

Мамлакатнинг умумий давлат қарзи 2022 йил якунида 31,1 миллиард доллар миқдорида (ЯИМга нисбатан 42 фоиз) бўлиши прогноз қилинмоқда.