Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Таҳлил: кўчмас мулк бозорида ҳолат қандай ўзгарди?

2022 йилнинг биринчи ярмида 126 минг дона кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2022 йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулк бозорида ҳолат қандай ўзгаргани бўйича маълумот берди.

Унга кўра, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2022 йилнинг 1-ярми учун кўчмас мулк бозоридаги ҳолат таҳлил қилинган. Таҳлил натижалари бўйича, Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида савдо ҳажми бу даврда 6 фоизга ўсган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда 2022 йилнинг  биринчи ярмида 126 минг дона кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган ва бу 2021 йилнинг бу даврига (119 минг) нисбатан 6 фоизга кўп ҳисобланади.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши

Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида 2022 йилнинг 6 ойи давомида энг юқори ўсиш суръатлари Хоразм (24 фоиз), Бухоро (22 фоиз), Сурхондарё (16 фоиз), Жиззах (13 фоиз), Наманган (13 фоиз), Қашқадарё (12 фоиз) ва Фарғона (11 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Шу билан бирга, кўчмас мулк бозоридаги олди-сотди шартномалар сонининг нисбатан паст ўсиш суръатлари Тошкент вилоятида (-7 фоиз) қайд этилган, Сирдарё вилоятида (-1 фоиз) фаолликнинг бирмунча пасайиши кузатилган. Пойтахтда 2022 йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш бўйича тузилган шартномалар сони бироз ошган (+1 фоиз) ва 37 минг 446 тани ташкил этган.

Ипотека кредитлари

2021 йилнинг мос даврида кўчмас мулк олди-сотдисининг 21 фоизи ипотека кредитлари орқали молиялаштирилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 28 фоиздан ошган. Шу билан бирга бирламчи бозорда 45 мингга яқин янги уй-жойлар қуриб топширилган (ўсиш 32 фоиз).

Иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг ўзгариши

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 7,1 фоизга ўсган (биринчи чоракда 1 фоиз ўсиш, иккинчи чоракда 6 фоиз ўсиш).

Ҳудудлар кесимида 2022 йилнинг биринчи ярмида уй-жой кўчмас мулк нархларининг энг катта ўсиш суръатлари Тошкент (15,6 фоиз), Навоий (15 фоиз), Сурхондарё (13,3 фоиз) ва Сирдарё (11,5 фоиз) вилоятларида кузатилган, Наманган (-13,3 фоиз) ва Самарқанд (-1,3 фоиз) вилоятларида уй-жой нархлари пасайган.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв метр учун АҚШ долларида)

Қайд этилишича, йил бошидан буён Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорда уй-жой нархлари 11,3 фоизга ошган (биринчи чоракда 6,5 фоизга; иккинчи чоракда 4,3 фоизга ўсган). Шу билан бирга, уй-жой нархининг ўсиши барча туманларда қайд этилди, энг катта ўсиш Мирзо-Улуғбек (18,7 фоиз), Яккасарой (16 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларида кузатилган.

Ферузбек Давлетов ва Нозимжон Ортиқов — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудирлари