«Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида қиймати 169 млн доллар бўлган мисдан сим, қувур ва фольга маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят ҳокимлиги масъуллари, вилоятнинг йирик тадбиркорларидан иборат Фарғона вилояти делегациясининг Германия ва Австрияга амалий ташрифи давомида «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида қиймати 169 миллион доллар бўлган мисдан сим, қувур ва фольга маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказилган.
«MB Қўқон-7» масъулияти чекланган жамияти ва «Mark Arinstein Maschinen & Anlagen GmbH» компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳанинг 1-босқичини йўлга қўйишни тезлаштириш мақсадида Австриянинг Гмунден шаҳридаги «Niehoff Gruppe», «ASMAG» ва «UP CAST» компанияларидаги ишлаб турган заводлар фаолияти ўрганилган.
Музокаралар натижасида лойиҳанинг биринчи босқичини ишга тушириш юзасидан инвестицион шартнома имзоланган. Таъкидланишича, корхонанинг ишга тушиши натижасида йиллик 25 минг тонна мисни қайта ишлаб, қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади, ишлаб чиқарилган сим, қувур ва фольга маҳсулотлари ички бозорга ҳамда экспортга йўналтирилади.
Аввалроқ Германия компанияси Фарғонада Европа бозори учун маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши хабар қилинганди. Унга кўра, буюртма бериладиган кийим-кечаклар учун керакли аралаш матоларни келажакда вилоят ҳудудида ишлаб чиқариш кўзда тутилаётгани таъкидланган.


