Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Президент фармацевтика маҳсулотлари экспортини 105 млн долларга етказиш вазифасини қўйди

Жорий йилда кафолатли харидларга 300 миллиард сўм йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга 2022 йил якунигача фармацевтика маҳсулотлари экспортини 105 миллион долларга етказиш вазифасини қўйди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилаётган фармацевтика соҳаси бўйича йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбари экспортнинг асосий қисми (83 фоизи) Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларига тўғри келаётганига эътибор қаратиб, қолган вилоятларда ушбу кўрсаткичлар қониқарсиз аҳволдалиги танқид қилди.

Шу боис, мутасаддиларга йил якунигача фармацевтика маҳсулотлари экспортини 105 млн. долларга етказиш вазифаси қўйилди. Вилоят ҳокимлари лойиҳаларни амалга оширишдаги ташкилий масалаларни ҳал қилишга шахсан масъул эканликлари таъкидланди.

Қайд этилишича, 1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситаларини  маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йил муддатга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузилади. Ҳозирги кунда ушбу дорилар 300 миллион долларга четдан олиб келинмоқда.

Бунда, ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 25 турдаги дорилар 1 июлдан харид қилинади. Келгуси йилдан эса 70 турдаги дориларни ишлаб чиқариш ва сотиб олиш йўлга қўйилади. Бунда асосий эътибор онкология, гематология, эндокрин ва вирусли касалликларни даволашга қаратилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг янги фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати чекланмаслиги белгилаб қўйилганди.