Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Қўшма штатлар иқтисодиёти янада барқарор ўсиш даврига ўтади» — АҚШ молия вазири

Йеллен мамлакатда ишсизлик даражаси пастлигини таъкидлади.

АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг айтишича, мамлакат иқтисодиёти «янада барқарор ўсиш» даврига ўтади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри хабар берди.

Молия вазирининг фикрича, буни иқтисодиёт ҳолати тўғрисидаги ҳисобот кўрсаткичлари ҳам тасдиқлайди. 2022 йил иккинчи чораги якунларига кўра, АҚШ ялпи ички маҳсулоти ўтган чоракка нисбатан 0,9 фоизга камайган (мавсумий тузатишлар киритилган).

«Ушбу ҳисобот иқтисодиётнинг янада мустаҳкам ва барқарор ўсишг даврига ўтишига ишора қилади», — дейди Йеллен.

Унинг сўзларига кўра, COVID-19 пандемиясидан кейин тикланиш кучайишини ҳисобга олган ҳолда АҚШ иқтисодиётида сезиларли пасайиш кутилган эди.

Вазирнинг фикрича, ҳақиқий рецессия иқтисоднинг жиддий заифлашуви бўлиб, бу ҳозир АҚШда содир бўлаётган нарса эмас. Йеллен мамлакатда ишсизлик даражаси пастлигини таъкидлади.

Вазир «рецессия» атамаси бўйича баҳсларни тўхтатишга чақирди, чунки ҳозир америкаликлар инфляциядан кўпроқ хавотирда. Таҳлилчилар иккинчи чоракда ялпи ички маҳсулотнинг ўсишни кутган эди, аммо, аксинча, 0,9 фоиз пасайиш кузатилди.

АҚШ президенти Жо Байден ялпи ички маҳсулотнинг пасайишини кутилаётган «иқтисоддаги секинлашув» деб атади.

Аввалроқ Жанет Йеллен мамлакат иқтисодиётида пасайиш кузатилаётганини айтиб, бу таназзулдан далолат эмас, балки иқтисодиётнинг тез ўсиши билан боғлиқ зарурат эканини маълум қилганди.

«Иқтисодиёт секинлашмоқда: 2021 йили у жуда тез ўсди — 5,5 фоизга. Бу пандемия туфайли ишини йўқотган одамларнинг иш жойига қайтишига олиб келди. Бу рецессия давридаги иқтисодиёт эмас. Биз ўсиш секинлашган ўзгаришлар давридамиз. Бу зарур ва вазиятга мос келади», — деганди у NBC’га берган интервьюсида.

Олдинроқ эса Илон Маск АҚШни рецессия хавфидан огоҳлантирганди. Унинг айтишича, АҚШда қайсидир паллада рецессия юз бериши муқаррар.

Мавзуга доир: