Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 15 млрддан ортиқ маблағни истеъмолчиларга қайтарди

Федерацияга ярим йил ичида 5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Фото: marketbridge.uz

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2022 йилнинг биринчи ярмида 15 миллиарддан ортиқ маблағни истеъмолчиларга қайтарди. Бу ҳақда Федерация матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда туман, шаҳар жамиятларига 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида истеъмолчилардан жами 5 минг 472 та мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатларнинг 3 минг 558 таси оғзаки, 1 минг 100 таси ёзма, 814 таси эса электрон шаклда юборилган.

Мазкур ариза ва шикоятларнинг 4 минг 989 таси яъни, 91,2 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 15 миллиард 56 миллион 818 минг 91 сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилишига эришилган.

2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Федерация ва унинг ҳудудий бўлинмаларига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг

  • 2 133 таси (39,0 фоиз) савдо соҳасига,
  • 758 таси (13,9 фоиз) газ таъминоти соҳасига,
  • 412 таси (7,5 фоиз) электр таъминоти соҳасига,
  • 258 таси (4,7 фоиз) сув таъминоти соҳасига,
  • 185 таси (3,4 фоиз) коммунал хизмат соҳасига,
  • 84 таси (1,5 фоиз) соғлиқни сақлаш соҳасига,
  • 295 таси (5,4 фоиз) хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасига,
  • 214 таси (3,9 фоиз) транспорт соҳасига,
  • 178 таси (3,3 фоиз) алоқа (ва интернет) соҳасига,
  • 955 таси (17,5 фоиз) эса бошқа соҳаларга тўғри келган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган 466 нафар банк ходимидан 829 миллион сўмлик жарима ундирилганди. Маълум қилинишича, ўтказилган ўрганишлар ва назорат тадбирлари натижасида хизмат кўрсатишда истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 16 та тижорат банки ва 8 та микрокредит ташкилотидан жами 1 миллиард 177 миллион сўм миқдорида жарималар ундирилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилган истеъмолчилар рағбатлантирилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунда сўз боради. Ҳужжатда Товарлар учун ҳақ тўлаш шаклига қараб (нақд пулли ёки нақд пулсиз) товар нархини ошириш ёки пасайтириш тақиқланиши, товарлар (ишлар, хизматлар) учун нақд пулсиз ҳақ тўланганда истеъмолчиларга рағбатлантиришлар берилиши мумкинлиги айтилган.