Япониянинг Panasonic Group компанияси АҚШнинг Канзас штати маъмурияти билан аккумуляторлар ишлаб чиқарадиган йирик завод қуришга келишиб олди. Бу ҳақда Panasonic Energy ва Канзас губернатори Лаура Келли хабар берди.
Завод аккумуляторларни биринчи навбатда Tesla электромобиллари учун ишлаб чиқаради.
Panasonic Energy ўзининг мегазаводини АҚШнинг қайси штатида қуриш бўйича бир нечта вариантни кўриб чиқаётган эди. Компания учун энг қизиқарли таклифлар Канзас ва Оклаҳома штатлари томонидан берилди ҳамда улар ўртасида ушбу лойиҳа учун кураш борди.
Канзас қонун чиқарувчи органи Panasonic Energy учун деярли бир миллиард долларлик солиқ имтиёзлари тўпламини маъқуллаганидан сўнг Япония компанияси Канзас фойдасига ўз танловини амалга оширди. Келишув имзоланишидан олдин Panasonic Group директорлар кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.
Завод Канзаснинг Де Сото шаҳрида, илгари ўқ-дорилар заводи жойлашган ҳудудда қурилади. Биноларнинг қурилиши шу йилнинг кузида бошланиши режалаштирилган бўлиб, 2024 йилда якунланиши мумкин.
Ушбу ишлаб чиқариш мажмуаси тўрт мингга яқин иш ўрни билан таъминлаш имкониятига эга бўлади ва ўртача йиллик маош эллик минг долларни ташкил қилади. Шунингдек, ҳудудда яна қўшимча уч минг саккиз юз иш ўрни яратилади.
Канзас штати маъмуриятининг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу лойиҳа йилига 2,5 миллиард долларгача иқтисодий фойда келтиради.
«Бу заводга штат томонидан киритган ҳар бир доллар учун, беш йилдан кейин 20,5 доллар олинади», — дейди Канзас расмийлари.
Бу Канзасдаги биринчи мегалойиҳа бўлиб, губернатор Келли бу завод «штат иқтисодиёти учун трансформатив» бўлишини маълум қилди. Panasonic Group бундан олдин Невада штатида Tesla учун аккумулятор заводи қурган эди.
Бошқа йирик ишлаб чиқарувчилар ҳам, одатда, Канзасдан бошқа штатларни афзал кўради. Масалан, Intel Огайо штатида чип ишлаб чиқариш заводини қурган бўлса, Ford Motor Теннесси штатини танлаган, General Motors ва LG Energy Мичиганда завод барпо қилмоқда, Stellantis ва Samsung Индианада аккумулятор заводи қуришга сармоя киритди.
Аввалроқ Hyundai АҚШда 6,5 миллиард долларлик электромобиль заводи қуриши хабар қилинган эди.


