Ўзбекистонда «Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш» лойиҳасининг 2-фазаси бошланади. Президентнинг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида ‘Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш — 2-фаза’ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан лойиҳани 2022 йил 22 мартда молиялаштириш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 25 йилга 180 миллион доллар ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмасининг (ХТУ) 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 30 йил муддатга 20 миллион доллар қарз ажратилиши маъқулланган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 246,8 миллион доллар эквивалентини, шундан Ўзбекистоннинг улуши — 3 миллион доллар солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш ҳамда kойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарларнинг) улуши — 43,8 миллион доллар эквивалентини ташкил этади.
Лойиҳа 5 йил (2022-2026 йиллар) давомида Қорақалпоғистонда, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида амалга оширилади.
Лойиҳани амалга оширишда харид қилинадиган товарлар (хизматлар) божхона божидан озод этилади, қўшилган қиймат солиғи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади (кредит линияси орқали молиялаштириш ва кичик грантлар доирасида сотиб олинадиган товарлар (хизматлар) билан боғлиқ бўлган солиқлар бундан мустасно).
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, унинг мувофиқлаштирилиши, мониторинг қилиниши ва ҳисоботининг юритилиши учун масъул орган ҳисобланади.
Лойиҳа қишлоқ ҳудудларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, янги корхоналарни ташкил этиш ёки мавжуд корхоналар салоҳиятини кенгайтириш, кичик бизнес субъектлари учун молиявий ва номолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, қишлоқдаги ёшлар ва аёлларни бизнесга кенг жалб қилиш мақсадида амалга оширилади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13 июллдан кучга кирди.


