Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Энди тадбиркор ёшларга 2,5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар берилади

Шунингдек, ташаббускор ёшларнинг стартап лойиҳаларига эса 2 млрд сўмгача инвестиция киритилади. Президент томонидан имзоланган ҳужжат билан Ёшлар агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 млн доллар маблағ ажратилди.

Фото: ТАСС

Энди тадбиркор ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилади. Бу ҳақда Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари билан мулоқотида маълум қилинди.

Президент ёшлар тадбиркорлигида «мутлақо янги давр»ни бошлаб берувчи 3 та катта ҳужжатга имзо чекканини эълон қилди.

Биринчи ҳужжат билан Ёшлар агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 млн доллар маблағ ажратилди.

Тадбиркор ёшларга 2,5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар берилади, ташаббускор ёшларнинг стартап лойиҳаларига эса 2 млрд сўмгача инвестиция киритилади.

Олийгоҳларни тугатаётган 90 минг ёшлар мутахассислиги бўйича иш топишда қийналмоқда. Иккинчи қарор билан битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилмоқда. Бунинг учун «Ўзмиллийбанк»ка 100 млн доллар ресурс берилади.

Банк Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан олийгоҳ битирувчиларининг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича янги банк хизматлари пакетларини жорий этади.

Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади. Комиссия иш ўринларини яратиш, кадрларга эҳтиёж, бўш ўринларга ёшларни жойлаштириш масалаларини ҳал этади.

Президент имзолаган учинчи ҳужжатга кўра, «Алоқабанк» ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч «ёшлар банки»га айлантирилиб, бунга 200 млн доллар ажратилди.

Банк ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 млн сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратади.

ЙТТ сифатида камида 20 нафар ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилади. Банк кредитларининг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади.

Ҳудудларда «ёшлар бизнес инкубатори» ташкил қилиниб, ёшлар ғоялари стартапга айлантирилади, 6 ойдан 3 йилгача қўллаб-қувватланади, тайёр бизнес, корхона даражасига олиб чиқилади.

«Алоқа венчур» жамғармаси орқали стартапларга 50 минг доллардан 1 млн долларгача сармоя киритилиб, маҳсулот ва хизматларни ички ва халқаро бозорларда сотиш, бизнес ҳамкор топиш, қўшимча инвестициялар жалб қилишга кўмаклашилади.