АҚШ Украинага инсонпарварлик ёрдами учун 368 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Bloomberg давлат котиби Энтони Блинкен баёнотига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 288 миллион доллар Давлат департаменти томонидан, яна 80 миллион доллар эса АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан ажратилади.
Июнь ойи охирида АҚШ Президенти Жо Байден Украинага қўшимча 800 миллион доллар ёрдам ажратилишини эълон қилганди.
Бу маблағ жабрланганларни озиқ-овқат, ичимлик суви, пул маблағлари ва уй-жой билан таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам ва бошқа чора-тадбирларга сарфланади.
Блинкеннинг сўзларига кўра, февраль ойида Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан буён АҚШ гуманитар ёрдамининг умумий ҳажми 1,28 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилган.
БМТ маълумотларига кўра, деярли 15,7 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож ва уларнинг сони ортиб бормоқда. Яна 14 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетган.
Оқ уйнинг июнь ойида маълум қилишича, 24 февралдан бери Украинага хавфсизлик бўйича жами 6,1 миллиард долларлик ёрдам кўрсатилган.


