Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)нинг Пекиндаги котибиятида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан хитой тилида тайёрланган «2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси» рисоласининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхонаси томонидан ШҲТ Котибияти ва Тараққиёт стратегияси маркази билан биргаликда республиканинг ташкилотга раислиги доирасида ўтказилди.
Тақдимотда ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, ташкилотга аъзо давлатлар дипломатик миссиялари вакиллари, кузатувчи давлатлар ва ташкилот ҳамкорлари, шунингдек, Хитойнинг етакчи таҳлилий марказлари экспертлари (жами 80 нафарга яқин) иштирок этди.
Иштирокчилар «Янги Ўзбекистонни 2026 йилгача ривожлантириш стратегияси»нинг асосий қоидалари, хусусан, унинг устувор йўналишлари, мақсад ва вазифалари билан таништирилди.
Хитойлик экспертлар «ушбу нашр МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатларида стратегик ривожланиш ислоҳотларига бағишланган хитой тилида чоп этилган биринчи асар эканини» таъкидлади.
Тақдимот чоғида Чжан Мин «Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси» ўзбек халқининг интилишлари ва унинг янада тараққиётга бўлган қатъий интилишини ўзида акс эттиришини таъкидлади — @Стратегия ҳам кенг ижтимоий, ҳам иқтисодий асосга эга», «мувозанатли, инновацион характерга эга».
Бош котиб алоҳида таъкидлади:
«Президент Шавкат Мирзиёйев ҳақиқатда тарихий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ўзбекистоннинг очиқ ва фаол ташқи сиёсати мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи ошишига, мамлакатимизнинг халқаро, жумладан, ШҲТ доирасидаги ҳамкорлиги фаоллашишига хизмат қилмоқда».
У Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигини юқори баҳолади. Ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётган Тошкентнинг фаол саъй-ҳаракатлари ШҲТ саммитининг Самарқандда муваффақиятли ўтиши учун зарур шарт-шароит яратаётганини алоҳида таъкидлади.
«Ўзбекистонга ташриф буюришни ва мамлакатдаги янги ўзгаришларга ўз кўзим билан гувоҳ бўлишни интиқлик билан кутаман», — деди бош котиб.
Хитой Замонавий халқаро муносабатлар академияси Евроосиё институти директори Дин Сяосин таъкидлашича, «Ўзбекистон тараққиётининг олдинги беш йиллик босқичи мисли кўрилмаган ўзгаришлар ва инновацион ислоҳотлар даври бўлди». Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон олға силжмаган бирор соҳа қолмади».


