Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи Globus МЧЖ Гулистон шаҳар ҳокимлигининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Бу ҳақда вакилнинг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, корхонага Гулистон шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги қарорига асосан 1, 343 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу ҳудудда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси фаолияти йўлга қўйилган эди.
Шаҳар ҳокимининг 2021 йилдаги қарори билан мазкур ҳудуд бузилиш ҳудудига тушган, аммо тадбиркорга компенсация тўловлари тўлиқ амалга оширилмаган. Таъкидланишича, тадбиркорга тегишли мулк мустақил баҳолайдиган корхона томонидан 2,9 миллиард сўмга баҳоланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Гулистон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилган. Шундан сўнг суд қарори билан Гулистон шаҳар ҳокимлигига Globus МЧЖга 2,7 миллиард сўм компенсация тўлаб бериш вазифаси юклатилди.


