Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан бири — ЖСТга аъзо бўлиш» — Умурзоқов

Ўзбекистон раислигида ЖСТга кираётган мамлакатлар норасмий гуруҳининг (IGAG) делегациялари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: ИТСВ матбуот хизмати

Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши мутлақ устувор. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Женевада ўтказилаётган Жаҳон савдо ташкилоти олий бошқарув органининг йиғилиши — ЖСТнинг ўн иккинчи Вазирлар конференциясида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида ЖСТга аъзо бўлишининг мутлақ устуворлиги таъкидланган.

Фото: ИТСВ матбуот хизмати

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини, жумладан, жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Ташкилот ишчи гуруҳининг бешинчи йиғилишида фаол илгари суришга тайёрлик билдирилган.

Шунингдек, Вазирлар конференцияси доирасида Ўзбекистон раислигида ЖСТга кираётган мамлакатлар норасмий гуруҳининг (IGAG) делегациялари раҳбарлари — вазирлар даражасидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. 

Йиғилиш давомида ташкилотга қўшилаётган мамлакатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Ташкилотга аъзо бўлиш бўйича музокаралар жараёнида номзод мамлакатлар дуч келаётган асосий муаммо ва қийинчиликларни ҳал этиш борасида тўпланган амалий тажриба ва фикр алмашилган. 

Маълумот учун, Вазирлар конференцияси ЖСТнинг олий органи ҳисобланади. Вазирлар конференциясининг йиғилишлари 1994 йил 15 апрелдаги «Жаҳон савдо ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги Марракеш битими»нинг 4-моддасига мувофиқ ҳар икки йилда ёки ундан тезроқ вақт давомида ўтказилади. Бугунги кунга келиб жами 11 та конференция ўтказилди.

Аввалроқ Сардор Умурзоқов Сеулда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масаласини муҳокама қилганди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги йиғилишда ЖСТга аъзо бўлиш, инвестиция ва экспорт масалалари муҳокама қилинди.