Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Қозоғистон Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлишда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди

Ўзбекистон томони Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш тажрибасини ўрганишга катта қизиқиш билдираётгани маълум бўлди.

Қозоғистон Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда Қозоғистон савдо ва интеграция вазири ўринбосари Жанель Кушукова Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов билан учрашувда маълум қилди.

Қайд этилишича, томонлар вакиллари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилган.

«Ўзбекистон Қозоғистонга дўстона қўшни бўлиб, мамлакат билан яқин савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар мавжуд. Биз Тошкентнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилишини қўллаб-қувватлаймиз», — деди Кушукова.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш тажрибасини ўрганишга катта қизиқиш билдирмоқда. Шу мақсадда яқин келажакда икки томонлама маслаҳатлашувлар ташкил этилади.

«Бундай маслаҳатлашувларда ЖСТ доирасида белгиланган тартиб асосида ўзаро савдонинг мавжуд масалалари ҳам ҳал этилади», — деди Жанель Кушукова.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон музокаралар жараёнини 1994 йилда бошлаган. Узоқ танаффусдан сўнг, 2017 йилда Ўзбекистон раҳбари мамлакатнинг ЖСТга кириши бўйича музокараларни қайта бошлашга қарор қилди.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши мутлақ устувор эканини айтганди.