Марказий банк 2027 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда инфляция даражаси 5 фоизгача пасайишини прогноз қилмоқда. 2028–2029 йилларда эса ушбу кўрсаткич барқарор сақланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2027–2029 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларига бағишланган брифингида маълум қилинди.
Регуляторнинг асосий сценарийсига кўра, келгуси уч йилда:
- геосиёсий можаролар фаоллиги пасайиши;
- жаҳон бозорида нефть нархи арзонлашиши;
- Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши;
- тартибга солинадиган нархлар бўйича ислоҳотлар якунланиши кутилмоқда.
Мазкур шартлар амалга ошган тақдирда Ўзбекистон иқтисодиёти 2027 йилда 7–7,5 фоизга, 2028–2029 йилларда эса 6,5–7,5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Марказий банк 2027 йилда ҳам қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришни режалаштирмоқда. Бундан кўзланган мақсад нархлар ўсишини жиловлаш, ички талабни мувозанатлаштириш ва аҳолининг миллий валютада пул жамғаришга бўлган рағбатини сақлаб қолишдир.
Инфляция барқарор пасайган тақдирда пул-кредит шароитларини босқичма-босқич юмшатиш имконияти кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, Марказий банк инфляция ошишига сабаб бўлиши мумкин бўлган бир қатор хавфларни ҳам санаб ўтди. Булар — асосий савдо ҳамкорлари миллий валюталарининг қадрсизланиши, жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши ҳамда кредитлаш ҳажмининг жадал ўсишидир.
Шунингдек, келгуси уч йилда исломий банклар учун шариат тамойилларига мувофиқ молиявий инструментларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишлари давом эттирилади.


