Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 30 майдаги қарори билан «Тошкент-2» халқаро терминали ва ички қатновлар учун мўлжалланган «Тошкент-3» терминалининг автотураргоҳлари, шунингдек, пойтахт аеропорти ҳудудига туташ жойлардаги автотураргоҳлар Uzbekistan Airports балансига ўтказилади.
Қайд этилишича, мазкур ҳудудларни компания ихтиёрига ўтказиш давлат раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги «Фуқаролик авиатсияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
«Автотураргоҳларда тўхташ жойи учун тўловни инсон омилисиз амалга ошириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, компания автотураргоҳларнинг жойлашуви ва улардан фойдаланиш давомийлигини (соат, сутка) ҳисобга олган ҳолда мослашувчан тариф тизимини ишлаб чиқмоқда», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Таъкидланишича, шаҳар ҳокимининг қарори бу борадаги илк қадам бўлди. Кейинчалик Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан автотураргоҳларни баҳолаш ва акциядорлик жамиятининг давлат улушини ошириш бўйича тегишли буйруқ қабул қилинади.
Шундан сўнг тегишли тартибда ягона акциядор — Молия вазирлиги томонидан давлат компаниянинг улушини ошириш ва автотураргоҳлар қийматини устав капиталига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Барча амалга оширилган ишлар якуни бўйича кадастр ҳужжатларини Кадастр агентлиги томонидан «Муниципал мулкларни бошқариш маркази» ДУКдан Uzbekistan Airports АЖ номига қайта расмийлаштирилади.
Аввалроқ Uzbekistan Airports хорижий авиакомпаниялар учун тарифларни пасайтириши ҳақида хабар берилганди.


