Хитой бизнесининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 9 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Хитой ишбилармон ва инвестициявий доиралари вакиллари иштирокидаги учрашувда маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2017 йилда Хитой капитали иштирокида 870 та корхона мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 2 мингга яқинлашди. Хитой бизнесининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 9 миллиард долларга етди.
Хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 20 дан ортиқ Хитой компаниялари вакиллари қатнашган. Улар орасида ZTE Corporation, Asia Trans Gas, China Construction, Shanghai Construction каби йирик компаниялар бор.
Тадбиркорлар ўз фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериб, жорий этилган ва амалга оширилаётган лойиҳалар, яқин истиқболдаги режалар, шунингдек, амалда дуч келинаётган муаммолар ҳақида сўзлаб берган.
Инвесторларни асосан солиққа тортиш, божхона тартиб-таомиллари ва инфратузилмавий коммуникацияларга уланиш масалалари қизиқтиргани маълум бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони апрель ойи ҳолатига кўра, 14 109 тани ташкил этмоқда.
Хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг давлатлар кесимида сони:
- Россия — 2390 та;
- Хитой — 1967 та;
- Туркия — 1961 та;
- Қозоғистон — 1109 та;
- Корея — 890 та.
Фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1417 тага ошган.


